Андижон 24

ОЛИЙ ТАЪЛИМДА 3 ЙИЛЛИК ЎҚИШ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИГАН ЙЎНАЛИШЛАР МАЪЛУМ БЎЛДИ


28.01.2020   1166

Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида педагогик таълим йўналишида ўқиш муддати уч йил этиб белгиланишини маълум қилганди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, педагогик олий таълим муассасаларида 6 та таълим йўналиши бўйича ўқиш муддати уч йил этиб белгиланиши режалаштирилган.

2020/2021-ўқув йилидан эътиборан бакалавриат йўналишида ўқиш муддати уч йил бўлган таълим соҳаси қуйидагилардан иборат бўлиши кутиляпти:

-Мусиқа таълими;

-Жисмоний маданият;

-Технологик таълим;

-Чақириққача ҳарбий таълим;

-Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси;

-Мактабгача ва бошланғич таълимда жисмоний тарбия ва спорт.

Таъкидланишича, ушбу ўзгариш айни пайтда ўқишни бошлаганлар учун татбиқ этилмайди. Ўқувни ушбу шаклда ташкил этиш, тўлов-контракт суммаси ҳамда ўқув-дарс режасини тузиш ишлари ҳали якунланмаган.

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада республикадаги олий таълим муассасаларида давлат грантлари икки баробар кўпайтирилиши, қизлар учун алоҳида грант ўринлари ажратилишини алоҳида таъкидлаганди.

Ўзбекистон аҳолиси бир йил ичида 650,3 минг кишига кўпайди

Ўзбекистон Республикасининг доимий аҳолиси сони 2020 йил 1 январь ҳолатига 33905,8 минг кишини ташкил этиб, 2019 йил бошидан 650,3 минг кишига ёки 2,0 фоизга ўсди, -дейилади ЎзА хабарида.

Республика жами аҳолиси сонидаги улуши бўйича энг кўп кўрсаткич Самарқанд вилоятида 11,4 фоизни ташкил этиб, кейинги ўринларда Фарғона вилоятида 11,1 фоизни, Қашқадарё вилоятида 9,7 фоизни ва Андижон вилоятида 9,2 фоизни ташкил этган.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2020 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистон доимий аҳолиси сонининг 30,5 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 58,9 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилар ва 10,6 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар ҳиссасига тўғри келмоқда.