Андижон 24

ОЛИС ҲУДУДДАГИ ЮРТДОШЛАР УЧУН САЙЁР ҚАБУЛ


20.07.2022   2914

Улуғнор туманида Андижон вилояти суди раиси Талъатжон Мелибоевнинг навбатдаги сайёр қабули ташкил этилди. Мулоқотларда ҳудуддаги аҳоли вакилларининг суд-ҳуқуқ масалаларига доир мурожаатлари ўрганиб чиқилди.

Сирасини айтганда, муайян юмуш юзасидан чекка ҳудуд ҳисобланмиш Улуғнордан вилоят марказига келиб-кетиш осон эмас. Масофанинг узоқлиги боис йўлда ҳам анчагина вақт кетади-да. Шу маънода сайёр қабуллар фуқароларнинг вақтини тежаш, узоғини яқин қилиш, оворагарчиликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Қабулда мурожаат муаллифлари томонидан фуқаролик, жиноий ҳамда иқтисодий масалаларга дохил ариза ва шикоятлар кун тартибига қўйилди. Ўз ўрнида суд раиси ҳамда судьялар томонидан мурожаатлар атрофлича ўрганилиб, ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.