Андижон 24

«ОБОДОН» ОБОД БЎЛДИ


30.08.2019   4782

29 август, пайшанба куни, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Қўрғонтепа туманидаги тўртта ижтимоий объектларнинг фойдаланишга топшириш маросимларида иштирок этди. Бу ҳақда auz.uz” мухбири хабар бермоқда.

Савой қишлоғидаги Ободон маҳалла фуқаролар йиғининг янги биносини фойдаланишга топшириш маросимида қатнашган вилоят раҳбарифуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш юзасидан қатор амалий ишлар қилинаётганлиги, бу ерда меҳнат қилаётган ходимлар учун муносиб иш шароитини яратиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилаётганлигини қайд этди.

- Маҳалламизда 408 та хонадон мавжуд бўлиб, унда 2005 нафар аҳоли истиқомат қилади, - дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Арофатхон Ҳамдамова. – Шундай бўлсада, фуқароларни қабул қилишимиз учун ҳеч қандай шароитлар йўқ эди. Раис, котиб, мутахассис ва профилактика инспектори ёрдамчиси Истиқбол қишлоқ врачлик пунктидаги бир хонада ижарада ўтирардик. Мана вилоят ҳокимининг ташаббуси билан байрам арафасида янги бинога кўчиб ўтдик. Бунинг учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 450 миллион сўм маблағ сарфланди.

Бинода раис ва ўринбосарлари, хотин-қизлар билан ишлаш бўйича мутахассис, профилактика нозири ва унинг ёрдамчиси учун алоҳида хоналар ажратилиб, мебель ва бошқа зарур воситалар, ҳуқуқий қўлланма ва адабиётлар билан таминланди.