Андижон 24

НОЪМАЛУМ ФИРМАНИНГ МАВҲУМ ҚАРЗИ


23.01.2019   2555

Андижон вилояти шаънига иддао қилувчи www.vesti.uz сайтидаги хабарни ўқиб Хитой барибир Хитойда, деган фикр келди.

Хабарда айтилишича “андижонлик фирма Германиянинг “HARPOLE TRADE LIMITED” компанияси билан Ўзбекистонга пармалаш ускунасини етказиб бериш юзасидан 4,8 млн. долларли шартнома имзолаган. 2012 йилнинг февраль-мартида ускуна Ўзбекистонга етказиб берилди. Аммо пули ҳозирга қадар келиб тушмади”.

Хабардаги фирманинг номи келтирилмаганлиги боис, шу соҳага тааллуқли ташкилот мутахассисларидан холатни изоҳлаб беришни сўрадик.

Биринчидан, Ўзбекистонда нефть ва газ қазиб чиқариш давлат монополиясига киради, яъни хусусий ташкилот бу йўналишда фаолият юритмайди. Иккинчидан, Андижон вилоятида нефть ва газ конларини қидириш ва пармалаш ишларини олиб борувчи ихтисослашган ташкилотнинг ўзи йўқ. Мавжуд “Андижоннефть” акционерлик жамияти эса аниқланган конлардан табиий бойликларни тортиб чиқариш, бирлмачи тозалаш ва тегишлилиги бўйича Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига ёки “Водийгазтаъминот” акционерлик жамиятига етказиб беради.

-Биз зарур ускуналарни “Ўзнефтгазқазибчиқариш” АЖ орқали оламиз, - дейди “Андижоннефть” АЖ бош механиги Эрмурод Мадмаров. – Асосан бутловчи ва эҳтиёт қисмлар. Немис компанияси билан ҳеч қандай муносабатларимиз йўқ. Салкам қирқ йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, пармалаш борасида Ўзбекистонда фақат Россия ва Хитой технологияларидан фойдаланилади.

Демак, www.vesti.uz даги хабар уйдирма. Яна бир гап. “Уз” доменида рўйхатдан ўтказилган сайт бўлса-да, унинг асосчиси Россия Федерацияси фуқароси Владимир Березовский экан. Сайтда келтирилган “HARPOLE TRADE LIMITED” немис компаниясининг бир учи, Германияга эмас балки бошқа жойга бориб тақалса керак. Номидаги “TRADE” сўзи савдо соҳасини англатганидан келиб чиқиб, компания аслида ҳеч қандай ускуна ишлаб чиқарувчи эмас, оддий ўртакаш, деб таҳмин қилса бўлади.

Хабардан мақсад ҳам маълум: Ўзбекистон жаҳонда тобора ишончли ҳамкор сифатида намоён бўлаётган бир вақтда унинг обрўсига путур етказишдан бошқа нарса эмас.

Дарвоқе, Хитойниннг барибир Хитойлиги хусусида. Турли ахборот хуружларига қарамай Чин юрти ўз сиёсатини дадил олиб боради. Насиб қилса, Ўзбекистон ҳам шундайлар қаторидан жой эгаллайди.