Андижон 24

НАВРЎЗНИ МУНОСИБ КУТИБ ОЛАМИЗ


14.03.2020   15124

Ҳашар – халқимизнинг азалий анъаналаридан бўлиб, умумжамоавий масалаларни ҳал қилиш, яъни, маҳалла-кўйнинг озодалигини таъминлаш, қариялар, ёрдамга муҳтожлар, беморлар ҳолидан хабар олиб туриш ҳамда ёрдам кўрсатиш, етимларнинг бошини силаш каби хайрли эзгу амалларни ўзида ифода этади. Бу галги умумхалқ ҳашарининг гашти, файзи ўзгача. Зеро, халқимиз Наврўз – умуммиллий байрам, шарқона янги йилни кўтаринки, аъло кайфиятда кутиб олиш ва нишонлашга алоҳида тайёргарлик кўрмоқда.

Жорий йилги Наврўз умумхалқ байрамига тараддуд кўриш мақсадида бутун республикамиз бўйлаб 14−15 март кунлари «Обод юрт» умумхалқ ҳашари ўтказилмоқда. Умумхалқ ҳашарида “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ ходимлари ҳам фаол иштирок этдилар.

Эрта тонгдан барча ходимлар ҳамжиҳатликда ободонлик ишларига киришди. Жамият аёллари хоналар ва ҳовлиларда супур-сидир ишлари, чанг артиш, ва бошқа аёлларга хос юмушларни бажаришга киришиб кетганлар. Эркаклар эса қўлларига кетмон ва белкураклар олишиб, жамият боғи ҳамда ариқ бўйларини чопишмоқда, жўяклар олиниб гул экишга тайёргарлик кўрилмоқда. Дарахтлар оқланиб, уларга шакл берилди.

– Жамиятимизда умумхалқ хайрия ҳашари аҳиллик, ҳамжиҳатлик билан ўтмоқда, – дейди Жамият мутахасисларидан бири Хуршидбек Хаитбоев – Ҳашар доирасида кўча ва ҳудудимиздаги ариқларни тозаладик. Барчамиз уюшқоқлик билан ҳашарни ўтказишга ҳаракат қилмоқдамиз. Жамоадошларимиз билан ҳашарни кўнгилдагидек ўтказиб, Наврўз умумхалқ байрамини муносиб кутиб олмоқчимиз.

Умумухалқ хайрия ҳашари Жамиятнинг барча шаҳар-туман филиаллари ва газ тўлдириш шохобчаларида уюшқоқлик билан давом этмоқда.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ матбуот хизмати