Андижон 24

Наврўз насимлари боғи бобурдан эсмоқда (+видео)


20.03.2018   1568

Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” эзгу ғояси акс этган байрам тантаналаридан репортажлар.

Она табиатни севиш ва ардоқлаш, ҳаёт гултожи бўлмиш инсонни қадрлаш, Ватанга муҳаббат ва садоқат каби эзгу ғояларни ўзида мужассам этган Наврўз халқимизнинг энг қадимий, асл миллий байрамидир. Биз бу муборак сўзларни муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қароридан келтирдик. Асрлар давомида элу юртимизнинг олижаноб орзу-интилишларини ифода этиб келаётган Наврўз бу йил Андижонда ҳам том маънода янгича мазмун-моҳиятга эга бўлиб, чинакам умумхалқ байрамига айланаётганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз.


Юртбошимиз Наврўз муносабати билан инсон ўзини табиат фарзанди, унинг ажралмас бир қисми деб ҳис этишини ифода қиладиган, атроф-муҳитни, она заминни асраб-авайлашга, бугунги тинч, эркин ва фаровон ҳаётни қадрлаб, уни ҳимоя қилиб яшашга чорлайдиган маънавий-маърифий тадбир сифатида нишонланиши зарур, дедилар.

Андижоннинг сўлим ва нурафшон гўшаси – Боғишамолдаги буюк ҳамюртимиз номи билан аталгувчи Боғи Бобурда ҳудди ана шу чақириққа мос ва ўзига хос тарзда байрам сайли бошланди. Уч юз гектарлик майдонни эгаллаган бу жойда қадрият ва анъаналаримизнинг ўзида мужассам этган, бугун таърифлашга сўз топилмайдиган даражада тайёргарлик кўрилган Тўй карнайлари янграмоқда.

Бу ерга 200 зиёд вилоят ташкилотлари, корхоналари, идоралари, муассасалари жамоаларининг вакиллари турнақатор бўлиб келмоқдалар. Учта қанотни эгаллаган зиналардан юрсангиз, шундай баландликка чиқасиз ва бутун олам кўз ўнгингизда намоён бўлади. Чор-атроф гулларга бурканган. Ҳар бир меҳнат жамоаси ўзига хос тарзда Байрам нафасини яратяпти.

Улуғнор туманидаги “Баркамол авлод” марказининг тўгарак раҳбари Абдуваҳоб Жўраев олиб келган тўтилар “Наврўз билан, Наврўз билан!” дея бийрон тилда сайраб, чорлаб турибди. Андижон индустриал педагогика коллежи ўқувчилари яратган чархпалак охиста айланиб, турфа обдасталардан обиҳаёт оқмоқда. Халқ таълими вакиллари шундай ҳовуз ташкил этибдиларки, унда тирик балиқлар ва бошқа сув жониворлари сузиб юрибди.

  • Барча шаҳар ва қишлоқларда Наврўзнинг тарихи, мазмуни ва фалсафасини, ушбу байрамни ўтказиш билан боғлиқ урф-одатлар, қадриятлар моҳияти ва аҳамиятини ўзида мужассам этаётган оммавий сайллар шукуҳи Боғи Бобурда акс этиб турибди,- дейди Андижон давлат тиббиёт институтининг проректори Ғуломиддин Ҳожиматов.
  • Биз бағрикенг Ватан фарзандларимиз, - мамнуниятини шундай сўзлар билан ифода этади Бўз туманидаги ихтисослашган мактаб директори, қатор орден ва медаллар соҳибаси Галина Цой. – Ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликни кучайтиришга қаратилган бу тантанани кўриб, кўнглимиз тоғдек кўтарилмоқда.
  • Буни қаранг, халқ сайлида халқона ўйинлар, фольклор санъатининг энг яхши намуналарига кенг ўрин берилмоқда. Ҳунармандлик кўргазмаларини кўриб, кўз қувнаяпти. Вилоятимизнинг барча ҳудудларида ибратли оила, маҳалла, мактаб, моҳир лапарчи, хонанда ва бошқа йўналишларда кўрик-танловлар ўтказилаётганлиги таҳсинга лойиқ.
  • Кексалар, меҳнат фахрийлари бу қадар эъзозу эҳтиромга лойиқ кўрилаётганлигини ҳис қилиб, дилимиз чароғон нурларга тўляпти, - дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Тожибархон Йўлдошева. - Дуога қўл очиб ўтирган нуроний оқсоқоллар, мунис онахонлар ёшларга қанот бўлиб, уларни хайрли ишларга сафарбар этиб, осойишта замину мусаффо осмонимизга шукроналар келтирмоқдалар.

Яқинда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш республика Кенгаши томонидан ўтказилган танловда мамлакатнинг энг яхши маслаҳатчиси номини олишга сазовор бўлган Хўжаобод туманидаги Қурама маҳалласи жонкуяри Зокиржон Мамадалиев шундай дейди:

Шўх яллалар, мусиқа созларининг жарангидан бир нафас мосуво бўлинг-да, улкан дошқозон томон юринг. Бу ерда палов сайли бошланди. 2 минг килограмм, ҳа, ҳа, роппа-роса - икки тонна Андижон гуручи дамланаётган Ошга марҳамат қилинг!

«auz.uz» online гуруҳи.