Андижон 24

Муносабат: ТУЯНИ ШАМОЛ УЧИРСА, ЭЧКИНИ ОСМОНДА КЎР


11.07.2018   2388

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида одамларнинг ҳаётини яхшилаш, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашдек олижаноб мақсадлар мужассам. Бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари ҳақиқий маънода умумхалқ ҳаракатига айланяпти. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори аҳолининг эҳтиёжманд қатлами муаммоларини ҳал этишга қаратилган.

Андижон шаҳрида ўтган йили етти қаватли 7 та уй-жой бунёд этилди ҳамда уларга ижтимоий ҳимояга, уй-жойга муҳтож 292 та оила кўчиб кирди. Бу йил-чи? 588 оилага мўлжалланган 14 та уй-жой қуришга киришилди. Давлатимиз раҳбарининг 19-20 май кунлари вилоятимизга ташрифи доирасидаги топшириқларига биноан яна қўшимча 6 та, яъни 252 та хонадонга мўлжалланган етти қаватли турар-жойлари барпо этилмоқда.

“Озодлик”чилар интернет сайтида Андижон шаҳрида қурилаётган кўп қаватли уйларнинг нархи бирдан кўтарилиб кетганлиги хусусида айюҳаннос сола бошладилар: аввал мана шунча миллион сўм эди, энди мана шунчага кўтарилди! “Бундай қиммат нархлардаги уйларни оддий одамлар ҳеч қачон ололмаслигини наҳот раҳбарлар тушунмаса?!” деган саволни қўйган “ҳайбаракаллачи”лар бунинг сабаблари ҳақида бош қотиришмайди.

Биз қурувчилар билан мулоқотда уйларнинг нархи ошиши бўйича тегишли ташкилотлардан хатлар олинганлигидан воқиф бўлдик. Таҳлилларга кўра, бу йил қурилиш материаллари нархи 26 фоизга ортган. Ўтган давр ичида инфляция даражасининг ошганлигини ҳам ҳисобга олиш керак. Қурилишда ишлатилаётган ашёларнинг асосий қисмини маҳаллий маҳсулотлар ташкил қилиши эвазига нархни ушлаб туриш мумкин. Мана шу масалада ҳам қийинчилик бор. Ишлатиладиган техника нархлари ошиб бораётганлигидан кўз юмиб бўлмайди.

Биз Андижон шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги хўжалик ҳисобидаги “Ҳокимлик балансидаги муниципиал турар-жой фондлари ва ётоқхоналарини бошқариш хизмати” давлат унитар корхонаси бошлиғи Дилмурод Парпиев билан телефон орқали боғландик.

- Ҳозир 840 та хонадонга мўлжалланган уй-жойлар бунёд этиляпти. 36 минг киши ариза берган. Уларнинг 18 минг 600 нафари тўлов қобилиятига эга эканлиги алоҳида комиссия томонидан тасдиғини топган.

Демак, ҳозирги, яъни объектив ва субъектив сабабларга кўра қўшилган нархлар ҳам эҳтиёжмандларни қониқтиради. Оддий ҳақиқат: уйга муҳтож бўлгани билан етарлича маблағи бўлмаса, ҳеч ким унга эгалик қила олмайди.

Дўстга берсанг ошингни, душман ейди бошингни, қабилида иш тутишдан не ҳожат? “Озодлик”дагилар гўёки ҳамдардликка бел боғлаган кимсалардек майдонга чиқишадию, одамлар ўртасига ваҳима солишдан аввал масаланинг сабаб ва моҳиятини излашдан ўзларини четга оладилар.

Иззат ОТАЖОН.