Андижон 24

Мулоҳаза: ҚИЗМИ БУ, ЙИГИТМИ БУ?


26.01.2019   1170

Ҳамма даврда ёшлар ҳақида гап кетса, шоир Эркин Воҳидовнинг ўша машҳур шеъри ёдга тушаверади. Гарчи 40 йил аввал ёзилган бўлса-да, худди ҳозирги ёшларга айтилгандек:

«Кийимлар-чи...

Қизиқ буларнинг диди.

Ола-чипор кўйлак...

Нимаси кўркам?

Рост айтсам унчалик ёқмаган эди –

Оталарга бизнинг гарчи камзул ҳам.

Баъзи киноларми бузмоқда андак

Капалак мижозроқ ҳозирги ёшлар»

Бугун давр шитоби тез. Балки ёшларнинг иддаоларимизни эшитишга вақтлари йўқдир. Шундай бўлса-да, кўнгилнинг бир чеккасини ғашлик эгаллаб турса, айтмай илож йўқ.

Кечагина бозорларимизга четдан кириб келган ажнабий шимлар қизларнинг кўркам қоматларини кўрсатиб бўлди. Қаёққа қараманг, шим кийган қиз йўлингиздан чиқиб турибдию! Мутахассислар соғлиққа зарар, деб бонг урдилар, фаоллар маънавий инқироз, дея куйиндилар. Аммо... Мода оламининг алломалари ютиб чиқдилар. Ҳартугул, ярим қарич юпкадан яхши-ю, деб ўзимизга таскин бердик. Аммо шим кийган қизлар, сочларини ёйиб кўча кезишаркан, ўғил болаларгатақлид қилиб гапиришлар, ҳатто сўкинишларни ўрганишди. Баъзилари эса йигитларгагап отишдан ҳам уялмайди.

Яна ўша шеърдаги:

Тоҳирни ҳалитдантинч кўймас қизлар,

Ярим тунда қайтар уйга ҳамиша.

Унча бўлмасак ҳам илмда бизлар

Аммо кучли эди одоб, андиша. – деган сатрлар ёдга тушади.

Ҳа, андиша сўзини унутиб қўйдик, чоғи. Нима бўлгандаям, қизларга ҳаёдан қизарган юзлар, пардали нигоҳлар ва албатта,назокатли сўзлар ярашади. Йигитларга бемалол қўнғироқ қилиб гап отишлар ёки етаклашиб юриш, ўзини бозорга солиб, очиқ-сочиқ кийинишлар бизнинг миллатга хос эмас.

Қизлар, сизларга нима бўляпти?

Ҳусни-жамолини кўз-кўз қилиш борасида йигитлар ҳам ортда қолишмаяпти. Йўлимдан қип-қизил куртка, қизил қалпоқ, оқ шим кийиббир қиз келаяпти, десам, узр.. йигит экан. Қизил рангни ким кийишининг аҳамияти йўқми, деб ўйлаб қолдим. Орқасидан қарасангиз, сира фарқи йўқ, қизми бу, йигитми бу, дейсиз. Ўзимга ярашиб турибди, деб ўйлаяпти шекилли. Во ажаб, ё биз замондан ортда қолдикмикан?

Йигитлар, сизларга нима бўляпти?

Муҳаббат

Отамирзаева.