Андижон 24

МОСКВАДА БОБУР ВА БОБУРИЙЛАР ҲАҚИДАГИ КИТОБ НАШРДАН ЧИҚДИ


11.02.2020   2588

Буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Бобурийлар ҳамда уларнинг мероси ҳақида маълумотларни жамлаб нашр қилиш долзарб масалага айланган. Филолог, шарқшунос ва ташаббускор тадқиқотчи Ш. Ш. Рустамхўжаев кўп йиллардан буён самарали изланишлар олиб бориб, турли тиллардаги энциклопедия, илмий-оммабоп, публицистик ва адабий маълумотларни жамлаб, тартибга келтирди.

Унинг тинимсиз саъй-ҳаракатлари бесамар кетмади. "Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобурийлар" энциклопедик, илмий ва илмий-оммабоп материаллар тўплами дунё юзини кўрди. Россия Фанлар Академияси Тилшунослик институти ва Бобур номидаги Халқаро жамоат фонди ҳамкорлигида арабшунос олим Ш.Ш.Рустамхўжаев муаллифлигида тайёрланган мазкур китоб 2019 йили Москвада "Языки Народов мира" нашриётидачоп этилди. Россия Фанлар Академиясининг муҳбир аъзоси А.В.Дибонинг сўзбошиси билан бошланган китоб мазмун-моҳияти, ўзига хос матбаа ижроси билан ажралиб туради.

Мазкур нашр 2016 йилда чоп этилган “Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурийлар: библиография (Москва: Шарқ адабиёти. 2016 й. 1183 бет) китобининг давоми бўлиб, унда Бобуршоҳ ва Бобурийларга оид илмий, илмий-оммабоп, публицистик ва адабий маълумотларни бир мунча тўлароқ жамлашга ҳаракат қилинди. Ушбу жилд Бобуршоҳ, унинг кўзга кўринган аждодлари билан зурриётларининг ҳаёти ва ижоди ҳақида муайян давр, тарихий жараён мобайнида маълум жуғрофий ҳуқуққа, турли тилларда босилган қомусий мақолалардан иборат бўлажак тўрт жилдлик мажмуанинг дебочаси ҳисобланади. Бу китоб жозибали манба бўлиб, унда баён этилаётган турли хил воқеа-ҳодисалар жараёнида ўзига хосликни кузатиш мумкин бўлади.

Китоб 878 саҳифадан иборат бўлиб, библиографиядаги 6884 та мақола рўйхатида зикр қилинган мақола матнини 879 таси ёритилган. "Санъат, фан ва спорт" фонди ҳомийлигида тайёрланган асар алифбо тартибида шакллантирилиб “А”, “Б”, “В” ҳарфлари билан бошланган матнларни ўз ичига олган.

Муаллифнинг эътирофича библиографияда кўрсатилган мақолаларнинг матни имкон қадар жамланган. Масалан, библиографиядаги мақола “А”, “Б”, “В” билан бошланмаган мақоланинг матни китобнинг кейинги жилдларида ёритилади. Бу китобнинг аҳамияти шундаки, ўқувчи библиографиядаги мақолани ўқиши зарур бўлиб қолди. У мақолани топиб ўқиши учун ҳаракат қилиши керак. Агар мақола “А”, “Б”, “В” ҳарфлари билан бошланса, китобнинг биринчи жилдига мурожаат қилишга ўқувчининг муроди ҳосил бўлади. Масалан, Библиографияда 385 рақамда Алиев А. Бобурнинг ҳинд таржимони “Ишонч”. 2001. 13 июль. Б.4 (ўзбекча) берилган. Ушбу мақолани ўқиш керак бўлса, китобнинг 1-жилдига қаралса, 735 рақамда мазкур мақолани матнини ўқиши мумкин.

Библиографияда А.Абдуғафуров "Бобурнома" учун илмий калит (Япон олимининг "Бобурнома" бўйича иккинчи марта чоп этилгани ҳақида). "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" 1997 йил 24 январь (ўзбекча) зикр қилинган мақолани ўқиш зарурияти туғилса, матнлар китобининг 744 рақамига қаралса, муроди ҳосил бўлади.

Библиографияда 917 рақамда Берк.С.М Акбаршоҳ - Бобурийларнинг энг буюги / инглиз тилидан Ғ.Сотимов таржимаси. Тошкент, “Мумтоз сўз”, 2002.288 бет(ўзбекча). Ушбу мақолани матн китобини 164 рақамида "Акбаршоҳ" номли мақола матнида ўқиш мумкин.

Умуман айтганда, юқорида зикр қилганимиздек китоб муаллифи 6884 та мақолаларнинг матнини имкон қадар тўплаган. Ҳозирча “А”, “Б”, “В” ҳарфлари билан бошланган мақолалар матни жамланган. Бошқа ҳарфлардан бошланган мақола матнлари китобнинг кейинги жилдларида берилади.

Китобнинг афзаллиги ва китобхонга маъқул томони шуки, китобхон Бобуршоҳ ҳақида ёзилган матнларнинг асли билан танишади. Қийналиб адабиёт излаб юрмайди. Умид қиламизки, китоб шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодини ўрганувчиларга асосий манба бўлиб қолади.

Ҳайруллоҳ УМРЗОҚОВ,

АДУ ўзбек тилшунослиги кафедраси катта ўқитувчиси.