Андижон 24

МОҲИ РАМАЗОН МУБОРАК!


14.04.2021   903

Ассалому алайкум вараҳматуллоҳу ва баракатуҳ,азиз дўстлар!

Шу кунларга соғ-саломат етказган Парвардигори оламга беадад ҳамду санолар, беҳисоб шукроналар айтамиз! Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламгасаловоту саломларимиз ва асҳоби киромларга Аллоҳ таолонинг раҳмати ва мағфирати бўлсин.

Мана, юртимизга яна ойларнинг султони, аввалги ўн куни раҳмат, кейинги ўн куни Мағфират ва сўнгги ўн кунлиги Дўзахдан нажот ойи бўлган Рамазони шариф ташриф буюрди. Қадамларига салламнолар, уни яратган Биру Борга тасбеҳу ҳамдлар айта, барчангизни шу улуғ айём билан қутлайман.

Кечагина Шарқнинг қадим байрами Наврўзи оламни катта фараҳу шодликлар, тантаналар билан нишонлагандик. Мана, энди дилларимиз яна шодланаётир.Наврўз бизларга оқлик, яшиллик ва сабзавор туйғуларни,Баҳорнинг илиқ ва нажиб кунларини олиб келди. Рамазон эса ибодатдан лаззат оладиган соатларни, ҳушъу ва ҳузъу онларини, тасбеҳларга тўла кечалар, дуолар ижобат бўладиган хуш дамларни, Қадр кечасидек улуғ тунларниҳадя этади.

Рамазондек ой қайда бор,

Фақат муслим бор жойда бор!

Тасбеҳ, ҳамдлар айтилган ер,

Ойларга шоҳ бир Ойда бор!

Фараҳларга тўлган кунлар,

Қадри баланд бўлган тунлар,

Не гуноҳкор дил, кўнгуллар

Афв этилган шу Ойда бор!..

Рўзадорнинг қалбига дур

Каби инар илоҳий нур –

Юзларда ҳам бу кўринур -

Рамазондек бир ойда бор!..

***

Рамазон саҳоват, мурувват ва гуноҳлар кечириладиган муборак ойдир. Илоҳим, ҳар бир хайрли амалларингиз Оллоҳ истаган миқдорда беҳисоб ажрлар олиб келсин!

Саҳарлик ва ифторлик пайтларида хонадонини, дуолари билан эса кўнгилларини безаётган ота-онаси бор дўстларим - Сизларга ҳавас қиламан! Уларнинг хизматида ўтган ҳар бир соат, кун ва ойларингизга ҳам Тангри таоло беадад ажру савоблар берсин!

Тутган рўзаларингиз қалбингизгаю юзларингизга нур бўлиб, оро берсин, илоҳим!

Энди юзлар шу нурдан сайқал топар, албатта.

Кимдир гўё Кўҳинурдек гавҳар топар, албатта...

Энди Сизга шу кунлар қутлуғ бўлсин, азизим!

Ҳар онингиз, ҳар дамларзавққа тўлсин, азизим!..

Қойим бўлиб тоатда, ҳар кунлик ибодатда

Осойиш топар қалблар, вужудлар ҳам роҳатда...

Кўтарилиб билаклар, сўралганда тилаклар,

Дуога қўшиларкан не-не ҳуру малаклар...

Саҳарликни бошладик, хизматда қиз-келинлар,

Ҳар кун Сизни кутамиз, ифторликка келинглар...

Илтижо ила Ҳақдан тилак сўраган пайтда

Нажмиддин Икромни ҳам эслаб қўйинг, албатта!

Нажмиддин ИКРОМИЙ.