ЖАМИЯТ

МИНГЧИНОРДА ЗЎР АЛЁР


19.06.2019   2048

Тарихни билиш - келажакка тўғри қадам. Ўтмишдаги ютуқ ва камчиликларни ўрганиш орқали яхши натижаларни қўлга киритиш имкониятига эга бўламиз. Шу маънода Улуғнор туманидаги 15 умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган ўлкашунос музейи ҳам катта аҳамиятга эга.

- Музей 1992 йилда ташкил этилган, - дейди мактаб директори Машҳурахон Бекқулова. - Ўзим ҳам ўқувчилик давримда уни экспонатлар билан бойишига ҳисса қўшганман. Бугун уларнинг сони 300 тадан ортиқ. Уларни янада кўпайтириш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Туман миқёсида ўтказиладиган турли хил тадбирларда мактабнинг тарих тўгараги аъзолари музейдаги асори-атиқалари кўргазмаси билан иштирок этади. Бугун ҳам Мингчинор маҳалласида ташкил этилган бешта муҳим ташаббус доирасидаги тадбирга ўзгача руҳ бағишладилар.

- Экспонатлар ёшлар ва меҳмонларнинг қизиқишларини оширди, - дея сўзини давом эттирди М.Бекқулова. – Улар мактабларида музей барпо этиш ниятини кўнгилларига туккан бўлсалар ажаб эмас.

800 дан зиёд ёшлар туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 56 та гуруҳ машғулотларида 12 тур бўйича шуғулланиб келмоқда. Ёзги таътилда 17 нафар мураббийларга 200 дан ошиқ уюшмаган ёшлар бириктирилди. Алоҳида ёки гуруҳ машғулотларига қўшилган ҳолда ҳафтанинг 3 кунида ўзлари истаган турлари билан шуғулланиш имконияти яратилди. Шу кунга қадар 7 та маҳалла фуқаролар йиғинида спортнинг 5-7 тури бўйича мусобақа ўтказилди. Тарғибот - ташвиқот сафарлари давомида бадиий гимнастика, бокс, эркин ва юнон-рум кураши, бадминтон ҳамда бошқа спортйўналишлари бўйича кўргазмали чиқишлар ташкил этиляпти.

“Ёзги таътил – 2019” спорт мусобақалари низоми ишлаб чиқилиб, шу кунга қадар спортнинг икки тури бўйича ўтказилди. Мавсум давомида 16 тури бўйича беллашувлар ўтказиш ҳамда вилоят, республика босқичларида юқори натижаларни қўлга киритиш мақсад қилинган. Қизларни бадиий гимнастика, бокс тури билан шуғулланишига алоҳида эътибор қратилмоқда.

- Тез кунларда Мингчинор маҳалласида бокс ва шарқ яккакураш бўйича гуруҳлар жамоатчилик асосида фаолият бошлайди, - дейди мактаб директори Муроджон Ўлмасов. - Унга 60 дан зиёд ёшлар жалб этилади. Бошқа маҳаллаларда ҳам шароит ва имкониятлардан келиб чиқиб, секциялар ташкил этиш режалаштирилмоқда. Шу орқали чекка маҳаллаларда туманимизнинг кучли жамоаларини шакллантриш ва иқтидорларни кашф этишни кўзлаяпмиз.

Гулсанам Камолиддинова 17 умумий ўрта таълим мактабнинг 5-синф ўқувчиси. У устози Барнохон Аҳмедовадан шеър ёзиш сир-асрорларини ўрганмоқда. Ёз ҳақидаги мисралари ўзи каби беғубор, содда ва самимий.

“Келибсан кулиб-кулиб,

Ноз-неъматинг тўлдириб.

Сенга раҳмат айтамиз,

Шодон қувнаб куламиз.”

Шу мактабнинг ўқувчиси Жумагул Мирғозиеванинг Юртбоши ҳақидаги битиклари ҳам ўзига хос.

“Халқим ғамин ўйлайсиз,

Келажакни сўйлайсиз.

Тинчлик учун курашиб,

Кеча-кундуз тинмайсиз.”

Шеърият ва адабиёт йўналишида муваффақиятларга эришаётган ёшлардан Ойдиной Абдумуталлибова, Мухлиса Тошматова, Садоқатой Абдуғаффороваларнинг фикрлари теран, қарашлари иттик. Улар келажакда ўзлари танлаган йўналишлари бўйича кўзлаган натижаларига эришиш учун интилишда.

Маҳалла гузарида ташкил этилган турли кўргазмалар интилувчан, ижодкор ёшларнинг бугун қандай ютуқларни қўлга киритаётганидан дарак бермоқда. Саҳнада ёшлар ижросидаги дилрабо куй ва қўшиқлар, рақслар бу ерга жам бўлган маҳалла аҳлини кўнглига кўтаринкилик бахш этмоқда. Айниқса, жажжигина Жаҳонгир Кимсанов, Дадахон Эргашевларнинг мумтоз мақом санъати йўналишидаги хонишлари олқишларга сабаб бўлди.

- Набираларимни бўш вақти ҳам билим олиш, касб-ҳунарли бўлишга жалб этилаётгани мени қувонтирмоқда, - деди меҳнат фахрийси Олтинпошша Пўлатова. – Тўққиз нафар неварам бор. Тил, аниқ ва ижтимоий фанлар, ҳунар ўрганиш бўйича тўгаракларда қатнашади. Менга ўрганганларини гапириб беришганида дилим яйрайди. Уларнинг келажагини ўйлаб, кўнглим кўтарилади.

- Маҳалламиздаги ёшу-қари бугунги байрамдан мамнун, - дейди яна бир суҳбатдошимиз, меҳнат фахрийси Сулаймонжон Умаров. -Билим олишда гап кўп экан. Набираларимни ҳаммасини илм ортидан юриб, олий ўқув юртларига ўқишга кириши учун ўқитяпмиз. Уларни ҳузурини кўриш насиб қилсин.

Вилоят марказидан борган ёшлардан иборат фаоллар ҳам байрамона тадбирга ўзгача руҳ бағишладилар. Қўшиқ ва рақслар, алёр ва шеърлар шукуҳликечага янада файз қўшди. Тошкент аграр университетининг Андижон филиали “Оғалар” жамоасининг чиқишлари кўнгиллардаги ғуборларни қувиб юборди, ҳисоб. Томошабинларнинг кулмагани қолмади.

- Чекка қишлоқларга уюштирилаётган сафарлар халқимиз ҳаётида унутилмас таассурот қолдирмоқда, - деди туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Жаҳонгир Сатторов. – Ҳамманинг тадбирда фаол иштирок этгани, катта авлод вакилларининг фарзандлар таълим-тарбиясига астойдил киришгани юртбошимизнинг оқилона сиёсатидан илҳомлангани белгисидир.

Ўзига хос янгиликлари билан ўтган тадбир анъанавий тарзда якун топди. Иқтидорли ёшлар вилоят ва туман ҳокимликлари, Тошкент аграр университетининг Андижон филиали томонидан совғалар билан тақдирланди.

М.Тўхтаназаров.