Андижон 24

МИБ ХОДИМИ: “САВОБ ЮМУШГА ТОБИНГИЗ ҚАЛАЙ?”


11.11.2019   1364

Ҳаёт кимнидир тўқчилик, бошқа бировни йўқчилик билан синайди, деган гап рост-да. Асака туманининг Қипчоқ маҳалласида яшовчи Т. Ҳасанбойнинг ишлари юришмай, анча сиқилиб қолди. Ахир қора қозонни қайнатиш ўз-ўзидан бўладими? Ётиб еганга тоғ чидамайди-ку ҳатто. Устига устак, хонадоннинг электрдан қарзи 2 миллион сўмга бориб қолди.

Ана шундай кунларнинг бирида, кутилганидек, Мажбурий ижро бюроси ходимлари эшик қоқишди: “Мумкинми?”

Оила бошлиғи ёқимсиз вазиятга аллақачон руҳан тайёр эди: “Тағинам шунча қарздорлик бўлгунча индашмади. Бугун бўлмаса, эртага барибир тармоқдан узишади-да! Қўлимдан нимаям келарди?”

МИБ ходими ноқулай ҳолатга тушди – тармоқдан шартта узай деса, оиланинг қоракўзлари мўлтираб қараб туришибди, аммо вазиятни ўз ҳолига ташлаб ҳам бўлмайди – қонун талаби барча учун тенг...

Бироқ омилкор, мулоҳазали ходим бошқача йўл тутди: МФЙ оқсоқоли билан бамаслаҳат ҳудуддаги анчайин ўзига тўқ оила соҳибини йўқлаб борди. Унга юқорида дуч келган манзарани тасвирлаб, жиддий оҳангда сўради: “Савоб ишга бош қўшмайсизми, бой ака? Сиз билан биздан яхшилик қолади”.

Ҳомий танлашда тўғри йўлдан борилган экан – эҳтиёжманд оиланинг муаммоси бир зумда ҳал бўлди.

Ташаббус кенг қулоч ёзиб, Кужган, Файзобод, Қашқар маҳаллаларида ҳам тўрт нафар кам таъминланган оилаларнинг электр энергиясидан 7 миллион 155 минг сўмлик қарзлари ҳомийлар кўмаги билан бартараф этилди.

Хонадон соҳиблари эса наинки ҳимматли маҳалладошларини, тадбиркорларнинг кўнглига йўл топиб, бу юмушни ташкиллаштирган МИБчиларни ҳам дуо қилаётган бўлсалар, не ажаб!

Нурбек ЗАФАР.