ЖАМИЯТ

Меҳнат бозори: ТАЛАБ ВА ТАКЛИФЛАР


31.08.2021   2150

Андижон туманининг Намуна маҳалласида яшовчи Файзулло Қодиров тажрибали ҳунарманд: пластик эшик-ромлар тайёрлаб, ўрнатишнинг ҳадисини олган. Жуда кўп пудратчи корхоналар билан ишлаб кўрди – аммо мунтазам равишда буюртма ҳамда кўнгилдагидек маош топа олмагач, ризқини ўзга юртдан қидиришга мажбур бўлди. Россияда ишлаётган ҳамқишлоқлари 2008 йили уни ҳам Иркутск шаҳрига ишга таклиф қилишди. Файзулло беш йилга яқин мигрантликдаги аччиқ-чучук ҳаётни кўрди, бироқ топиш-тутишига барака кирди. Хориждан пул жўнатиб, уй-жойини таъмирлатди, ота-онасига кўмаклашди, мусофирликдан қайтгач оила қурди, қисқаси, ишлаб топган пули рўзғор кемтикликларини бутлашга яхшигина асқотди.

Андижонга қайтгач, салкам бир йил муқим иш топишга қийналиб юрди: яна аввалгидай икки кун ишласа, бир ҳафта дам олади. Бундай шароитда тирикчилик нима бўлади? Ниҳоят омади чопди: кунларнинг бирида йирик қурилиш корхонаси таъсисчиларига у тайёрлаган эшик-ромлар маъқул бўлиб, аввалига катта ҳажмда буюртма беришди, ортидан корхона ишчиси сифатида Файзуллога меҳнат дафтарчаси очилди. Бу энди 2015 йилдаги гап.

Шундан бери Файзуллонинг доимий иши бор, даромадига барака кирган, ҳунари ортидан қишлоқда отасидан мерос қолган ер участкасига икки хонали иморат солди, тирикчилик ҳам изига тушди, икки фарзандини бировдан камитмай тарбиялаяпти. Муҳими, аввалгидай етишмовчилик туфайли “хорижга кетаман” деган ўйни хаёлидан чиқариб ташлаган.

Файзуллонинг айтишича, унинг хизматига буюртмачиларда доимий эҳтиёж пайдо бўлганлиги кейинги йилларда мамлакатда қурилиш саноатининг бир неча баробар ўсганлиги билан боғлиқ. Унинг кузатувларига кўра, бугун Андижонда айни йўналишда иш кўп, маоши ҳам чакки эмас, шунга қарамай, ҳамон хорижга бориб ишлаш илинжидаги қурувчи-ҳунармандлар топилади.

Дарҳақиқат, нега шундай?

Йил бошида вилоят ҳокимлигида бандлик мавзусида ўтказилган йиғинда ҳам айни масала кун тартибига қўйилди: Андижонда қурилиш соҳасида минглаб ишчиларга эҳтиёж бор, деймиз. Нега одамлар “бурнининг тагидаги” корхоналарда иш борлигини билмайди, аммо Россиянинг олис шаҳрида қурувчиларни ишга олаётганидан дарров хабар топади?

Сирасини айтганда, бугун Андижон шаҳри ҳамда унинг атрофидаги туманларда катта-катта қурилиш объектларига кўзингиз тушади. Янгиланаётган кўчалар, қад ростлаётган кўп қаватли уйлар ҳамда инфратузилма иншоотларига нигоҳ ташласангиз, қурилиш жараёни илдамласа илдамлайдики, асло сусаймайди. Қолаверса, жорий йилда давлат раҳбари томонидан тамал тоши қўйилган ҳамда Андижон тумани адирликларининг 4 минг гектар қисмида барпо этилажак янги Андижон шаҳарчасига ҳам жуда катта ишчи кучи керак. Қарийб 450 мингдан зиёд аҳоли яшаши учун мўлжалланган 130 мингдан ортиқ хонадонли кўп қаватли уйлар, шунга мос равишда ижтимоий соҳа объектлари, саноат зоналари, хизмат ва сервис нуқталарини барпо этиш ўз-ўзидан бўлмайди-ку ахир.

Аҳолининг ишсиз қатламини шу ва шу каби соҳаларга йўналтириш учун, уларнинг хорижга иш излаб кетишини камайтириш учун қанда чоралар кўриляпти? Меҳнат бозоридаги талаб ва таклиф мувозанатини бирдай тутиш учун-чи?

Вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи Акмалжон Мамаюсуповнинг таъкидлашича, Андижон шаҳрида фаолият бошлаган “Ишга марҳамат” мономаркази бандлик йўналишидаги кемтик нуқталарни тўлдиришга хизмат қилади.

“Мономарказ 15 миллиард сўмлик лойиҳа эвазига бежиз ташкил этилмади, - дейди Акмалжон Мамаюсупов. - Сантехник, пайвандловчи, сувоқчи, бўёқчи, аёллар ва эркаклар сартарошлиги, косметолог, тикувчи, ошпаз, қандолатчи, энага каби 28 та йўналиш бўйича икки сменали ўқиш ташкил этилиб, йилига 4 минг 480 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилиши режалаштирилган. Касб-ҳунарлар хилма-хиллигидан кўринадики, талаб ва таклиф мувозанати бузилмайди”.

Қайд этиш жоиз, бугун яратилаётган минглаб иш ўринлари асосан тадбиркорлик субъектлари, жумладан, кичик бизнес корхоналари ҳиссасига тўғри келади. Андижонда, хусусан, трикотаж-текстил соҳасига ихтисослашган корхоналарга ҳар қадамда дуч келасиз. Мисол учун, биргина Хўжаобод туманида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 200 дан ортиқ катта-кичик хусусий корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Мазкур корхоналарнинг ҳар бирида 15-20 нафардан то 500 нафаргача ишчилар меҳнат қилади.

Мазкур корхоналардан бирининг иш юритувчиси қайд этадики, ишчи кучига доимий эҳтиёж бор. Айтишича, гарчи даромади яхши бўлса-да, тикувчиларнинг ҳаммаси ҳам бир жойда икки-уч йил муқим ишлай олмайди, ўрта ҳисобда ҳар олти-етти ишчидан бири ўзини бошқа соҳада синаб кўришга интилади.

Яна бир рақамга эътибор беринг. Жорий йилда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида Шаҳрихон туманида жойлашган “Saхovat teks” масъулияти чекланган жамияти 1000 та, Андижон шаҳридаги “Dinar Group”масъулияти чекланган жамияти 1000 та, вилоят марказида жойлашган яна бир корхона – “Sohib omad barakasi" МЧЖ 400 та янги иш ўринлари яратган. Уларга асосан меҳнат органларига иш сўраб мурожаат қилган фуқаролар доимий асосда ишлаш учун жойлаштирилган.

Юқоридаги икки мисолдан савол туғиладики, аҳолининг ишсиз қатламини саноқли турдаги соҳаларга йўналтириш қай даражада кутилган натижани беради? Бошқачароқ айтганда, тўқувчиликка уқуви йўқ шахс иложсизликдан шу ишга розилик берса, ишнинг сифатига путур етмайдими? Чунки ҳамма ҳам тикувчи ёки тўқувчи уқувли бўлавермайди-ку.

Таъкидланишича, касб-ҳунарга ўқитиш ва қайта тайёрлаш жараёнида ишсиз шахснинг қизиқиш ва эҳтиёжлари имкон қадар ҳисобга олинаётир. Бошқа иш ва юмушлар ҳам таклиф қилинаётир. Бунда, айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига жиддий эътибор қаратилмоқда. Айтайлик, шу йилнинг биринчи ярмида вилоят бўйлаб 609 та кам таъминланган оилага иссиқхоналар ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш учун 3,6 миллиард сўм миқдорида субсидия маблағлари ажратилган. Масалан, биргина Асака туманининг Қорақий маҳалласида ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларга бандлика кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан ажратилган 325 миллион сўм субсидия маблағлари ҳисобига 50 та хонадонга иссиқхона қурилган.

Ана шундай иссиқхоналардан бирига эга бўлган Марҳабохон Эшматованинг таъкидлашича, хонадонидаги бир сотих майдонда биринчи ҳосил учун помидор экилди, такрорий экин учун эса булғор қалампири кўчатлари жойлаштирилди. “Шу усулда ҳозирги бозор шароитида бир йилда 15 миллион сўмгача даромад олиш мумкин”, дейди Марҳабохон Эшматова.

Ёки дейлик, жорий йилнинг дастлабки беш ойида вилоятда қишлоқ хўжалиги, ҳунармандлик, балиқчилик, асаларичилик йўналишларида кооператив ташкил этиш истагини билдирган талабгорлар учун 15 та кооператив бирлашмалари ташкил қилинди. Уларга 900 нафар камбағал оила аъзолари бириктирилди. Аъзолик бадали сифатида 2 миллиард 450 миллион сўм субсидия маблағлари тўлаб берилди. Мисол учун, Марҳамат туманида жойлашган “Ershi meva sabzavot 77” ишлаб чиқариш корхонасига мева-сабзавотчилик йўналиши бўйича ташкил қилинган кооперативга хоҳиш ва истакларидан келиб чиқиб, 40 нафар аёл, 10 нафар эркак бириктирилиб, уларга аъзолик бадали сифатида 122,5 миллион сўм миқдорида субсидия маблағлари ажратилди.

Давлат раҳбарининг жорий йил 28 апрелдаги “2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги қарори юзасидан Андижонда 43 минг 129 та доимий янги иш ўринларини ташкил этиш прогноз кўрсаткичлари тасдиқланган. Уларнинг асосий қисми тармоқ инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, ҳудудий инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқариш, жумладан, янги кичик корхона, микрофирмалар ташкил этиш, якка тартибдаги тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобига тўғри келиши керак.

Юзага келаётган иш ўринлари таҳлили шуни кўрсатадики, уларнинг асосий қисми хусусий сектор ҳиссасига тўғри келмоқда. Ўз-ўзидан, меҳнат бозоридаталаб ва таклиф мувозанатини тенг тутиш кўп жиҳатдан хусусий сектор зиммасига юкланади. Демакки, яқин келажакда катта эҳтиёж туғилиши кутилаётган касб-ҳунарлар билан боғлиқ сервис хизматлари ташкил этиш масаласини ҳам ўйлаб кўриш керак. Атайлик, Андижонда кўп қаватли уйлар сони кун сайин кўпайиб боряпти. Уларнинг аксариятига замонавий лифтлар ўрнатилмоқда. Аммо кўп қаватли бинолар лифтлари билан боғлиқ сифатли сервис хизмат кўрсатувчи, носозлик юзага келганда тузатувчи мутахассислар йўқ ҳисоби. Камайиб бораётган мутахассисликларни қўл меҳнати, жумладан, ҳунармандчиликнинг қадимийва ноёб турлари мисолида ҳам кузатиш мумкин. Бу каби бўшлиқлар янги йўналишларда тадбиркорликни синаб кўриш истагида юрган юртдошлар учун ҳали ўзлаштирилмаган қўриқдир.

Нурилло НЎЪМОНОВ.