Андижон 24

МАТБУОТ ХИЗМАТЛАРИ РАҲБАРЛАРИ ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯДА


29.11.2019   2268

Россия пойтахти Москва шаҳридаги «Арт-Москва» меҳмонхонасида “Матбуот хизмати - 2019: РR иши янги технологиялар” мавзусида икки кунлик халқаро амалий конференция бўлиб ўтмоқда.

“Пресс-служба” бутун россия ихтисослашган журнали ташаббуси билан матбуот котиблари, матбуот хизмати ходимлари ҳамда жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассислар, РR менежерлар учун ташкил этилган амалий анжуманда ўнга яқин давлатлардан 500 нафардан зиёд, жумладан, Ўзбекистондан 23 нафар мутахассислар иштирок этмоқда.


Конференцияда матбуот хизматлари ишини ташкил этиш, жамоатчилик билан алоқалар, пиар технологиялар, ижтимоий тармоқлар билан ишлаш бўйича етук ва малакали мутахассислар, амалиётчилар томонидан ОАВ билан ишлаш технологиялари, пиар матнлар тайёрлаш, етакчилар ва қўллаб-қувватловчи гуруҳлар билан алоқаларни йўлга қўйиш, бизнес учун пиар ишини ташкил этиш, пиар технологиялардан самарали фойдаланиш сингари қатор йўналишлар бўйича иштирокчиларга назарий ва амалий билимлар берилмоқда.

Машғулотлар илғор, инновацион технологиялар, ўқитишнинг замонавий усуллари асосида ҳам назарий, ҳам амалий дастурлар асосида олиб борилмоқда.

Турли мамлакатлардан келган анжуман иштирокчилари - мутахассислар мавзу бўйича билимларини ошириш билан бирга, ўзаро тажриба алмашмоқда.

Конференцияда Андижон вилояти ҳокимининг матбуот котиби, ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси Мирзохид Ботиров ҳам қатнашмоқда. У анжуманнинг биринчи кунида маъруза қилиб, ўз маърузасида Андижон вилоятининг ижтимоий, иқтисодий, маданий салоҳияти, вилоятда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, шунингдек халқаро ҳамкорлик имкониятлари ҳақида иштирокчиларга кенг маълумотлар берди.

Андижон вилояти хокимлиги матбуот хизмати.