Жамият

МАЪМУРИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА АПЕЛЛЯЦИЯ МУДДАТИ УЗАЙТИРИЛДИ


13.01.2021   1053

“Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун (ЎРҚ–662-сон, 12.01.2021 й.) Президент томонидан имзоланди.

Киритилган ўзгартишлар билан Маъмурий суд ишларини юритишда назорат инстанцияси тугатилди.

Бизнес омбудсманга биринчи инстанция судининг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти тақдим қилиш ҳуқуқи берилди.

Апелляция шикояти қарор қабул қилингандан бир ой муддатда берилиши мумкинлиги белгиланди (илгари бу муддат 20 кун эди).

Апелляция шикоятини иш юритишга қабул қилиш масаласини ҳал этишга оид ажрим ҳақида иштирок этувчи шахслар 3 кунда хабардор қилинади (илгари хабардор қилиш ажрим чиқарилган кунда амалга оширилган).

Кассация шикояти апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинганидан 1 йилда берилиши мумкин (илгари ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин бир ой ичида берилиши мумкин эди).

Шунингдек, манфаатдор шахслар ишларни кассация тартибида такроран кўриш тўғрисида протест келтириш ҳақидаги ариза билан Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарларига мурожаат қилишга ҳақли.

Манба: https://t.me/andpress