Жамият

МАЛАКАЛИ КАДРЛАР САНОАТ КОРХОНАЛАРИ ДРАЙВЕРИ


06.09.2021   480

Ўтаётган файзли кунларни янгиликлар, ўзгаришлар билан қарши олаётган, бугунидан кўнгли тўқ, эртасига эса катта умид ва ишонч билан яшаётган юртдошларимиз янги Ўзбекистон тарихидаги буюк ва шонли сана – Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамини янгича руҳда нишонлади.

Бу йилги истиқлол байрамининг «Янги Ўзбекистон» боғида ўтказилганлигида ҳам ўзига хос маъно бор. Буюк ўзгаришлар, янгича дунёқараш, улкан бунёдкорлик ишлари, буларнинг бари она Ватанга муҳаббат, юрт равнақи, тақдири учун масъуллик ҳиссини юз карра оширди, десак асло муболаға бўлмайди.

Тантанали маросимдаги Президентимизнинг нутқида келтирилган маълумотлар, эришилган натижаларни эшитиб, юртимиз тараққиётнинг янги, янада юқори босқичга кўтарилаётганлигидан дилларимиз фахр-ифтихорга тўлди.

Президентимиз томонидан қайд этилганидек, бугунги кунда ислоҳотлар талаби, ҳаётнинг ўзи олий таълим соҳасини жадал ривожлантиришни тақозо этмоқда. Шу боис, юртимизда сўнгги 5 йилда 64 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилди. Қабул квотаси 3 баробар оширилди. Эндиликда битирувчи ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан 28 фоизга етказилди. Яқин келгусида ушбу кўрсаткични 50-60 фоизга етказиш мўлжалланмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, авваламбор, ёшларни қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда турибди.

Жамиятимиздаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар ислоҳотчиси бўлган Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар, тараққиёт сари дадил одимлаётган юртга айланмоқда. Халқимизнинг тинч, фаровон ва бахтли яшашини таъминлаш учун амалга оширилаётган ислоҳотлар таъсири ва самарасини барча юртдошларимиз қатори олий таълим тизимида меҳнат қилаётган зиёлилар мазкур тизимдаги улкан ўзгаришлар мисолида кўриб, билиб турибди.

Мамлакатимиз олий таълим тизимида ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Билим даргоҳларининг қиёфаси ўзгариб, моддий-техника базаси мустаҳкамланмоқда, ўқитиш, малакали мутахассислар тайёрлаш соҳасига халқаро тартиб ва меъёрлар кириб келмоқда. Профессор-ўқитувчиларни моддий, маънавий қўллаб-қувватлаш кўлами тобора ортаётир. Буни Андижон машинасозлик институтида амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Айни кунда Андижон машинасозлик институтидаги 28 та таълим йўналишида 6 минг 224 нафар талаба таҳсил олади. Талабаларнинг 215 нафарини магистрантлар, 3 минг 441 нафарини бакалаврлар, 2 минг 294 нафарини сиртқи бакалаврлар, 273 нафар талаба эса қўшма таълим дастурлари асосида ўқимоқда. Энг асосийси, институтни тамомлаган талабалар мамлакатимиз машинасозлик корхоналарида самарали фаолият юритмоқда.

Институтнинг моддий-техника базаси, имкониятлари йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Ўқитиш ишлари илғор ва инновацион усуллар кенг жорий этилган ҳолда олиб бормоқда. Ахборот-ресурс маркази зарур илмий, бадиий адабиётлар билан таъминланган.

Институтда мавжуд 20 та ихтисослик бўйича таянч докторантуралар ташкил этилган. Илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун зарур барча имкониятлар яратилган.

Шунингдек, институт қатор хорижий олий ўқув юртлари билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Халқаро анжуман ва семинарларда профессор ўқитувчиларимиз, талабаларимиз фаол иштирок этаётир. Биргина ўтган 2020 йилда профессор-ўқитувчиларимиз томонидан республика ва хориждаги илмий нашрларда қарийб 1 минг 500 дан ортиқ илмий мақолалар эълон қилинди. Илмий-тадқиқот ишлари кўлами ва сифатини ошириш мақсадида жорий йилда институтда илмий лаборатория барпо этилмоқда. Бунинг учун 1 миллиард 250 миллион сўм маблағ ажратилган.

Институтимизда талабаларнинг малака амалиётларини ташкил этиш, битирувчилар бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ишлар мамлакатимиздаги автомобилсозлик саноати корхоналари билан тузилган шартномалар асосида изчил ва тизимли олиб борилмоқда.

Юрт тараққиёти ва равнақига муносиб ҳисса қўшиш, етук ва малакали кадрлар тайёрлашни ўз олдига бош мақсад қилиб қўйган институтимиз жамоаси янги Ўзбекистон пойдеворини қуриш, Президентимиз нутқидан келиб чиқадиган вазифалар ижросини таъминлаш, янги Ўзбекистонни бунёд этиш, жаҳондаги тараққий этган давлатлар қаторидан жой олиши учун бор имкониятларини ишга солади.

Умиджон ТУРДАЛИЕВ,

Андижон машинасозлик институти ректори.