Андижон 24

Махаллий бюджет: маблағлар қаерга сарифланади?


27.02.2018   2211

Хўжаобод тумани 2018 йил маҳаллий бюджет параметрлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги ПҚ-3454-сонли “Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарори, Бюджет Кодекси талаблари, Халқ депутатлари Хўжаобод тумани Кенгашининг 2018 йил 4 январдаги 67/35-5 сонли ҳамда туман ҳокимининг 2018 йил 5 январдаги 35-Қ сонли қарорлари асосида қабул қилинди.

Туманимизнинг 2018 йил учун махаллий бюджет харажатларида аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уй-жой ва транспорт инфратузилмасини жадал ривожлантириш, маданият ва спорт сохаларини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни молиялаштиришга катта эътибор қаратилмоқда.

2018 йил учун туман маҳаллий бюджет харажатлари жами 64 млрд. 183 млн 316 минг сўм этиб белгиланган бўлиб, ижтимоий харажатларга жами бюджет маблағларининг қарийб 90 фоизини ёки 56.3 млрд. сўм йўналтирилди.

Жорий йилда туман маҳаллий бюджетида таълим тизимини молиявий таъминлашга 38 млрд. 991 млн. 462 минг сўм ёки жами бюджет харажатларининг 61 фоизи миқдорида маблағ ажратилди.

Бунда иш хаки ва унга тенглаштирилган тўловлар учун 29 млрд. 568 млн. 134 минг сўм миқдорда, ягона ижтимоий тўлов учун 7 млрд. 331 млн. 423 минг сўм миқдорда, таълим муассасаларини сақлаб туриш ва бошқа харажатлар учун эса қарийб 2 млрд. 92 млн сўм миқдорда маблағ режалаштирилмоқда.

2018 йил учун тасдикланган манзилли дастурлар асосида тумандаги таълим муассасаларини барқарор ишлашини ташкиллаштириш ҳамда 2018-2019 йиллар куз-қиш мавсумини сифатли, беталофат ўтказиш мақсадида 2018 йил давомида махаллий бюджетдан таълим муассасаларининг бино-иншоотлари ва қозонхоналарини жорий таъмирлаш харажатларига жами 760.0 млн сўм маблағ сарифланиши белгиланди.

6 та умумтаълим мактабларида қозонхона ва иситиш тизимини капитал таъмирлаш, янги русумдаги энергия тежамкор қозонларни ўрнатиш учун 280.0 млн сўм маблағ ажратилмоқда.

Мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари ижроси борасида уларни юмшоқ ва қаттиқ жихозлар жумладан, ётоқ анжомлари билан таъминлаш ишларига ажратиладиган маблағлар 60 млн. сўмни ташкил қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2018 йил 10 январь куни тасдиқланган қўшма қарорига асосан, 2018 йилда соғлиқни сақлаш муассасаларига жами 15 млрд. 941 млн. 269 минг сўм маблағ ажратилиб, шундан иш хаки ва унга тенглаштирилган тўловлар учун 11 млрд. 90 млн. 558 минг сўм миқдорда, ягона ижтимоий тўлов учун 2 млрд. 750 млн. 546 минг сўм миқдорда, соғлиқни сақлаш муассасаларини сақлаб туриш ва бошқа харажатлар учун ўтган йилга нисбатан 1.6 баробар яъни қарийб 2 млрд. 100 млн сўм миқдорда маблағ режалаштирилмоқда.

Жорий йилда туман маҳаллий бюджети хисобидан Соғликни сақлаш муассасаларига дори-дармон ва тиббий буюмлар хамда озиқ овқат махсулотлари сотиб олиш харажатлари учун қуйидагича маблағлар режалаштирилмоқда:

  • Тиббиёт бирлашмаси бўлимларига ўртача бир ўрин кун хисобидан келиб чиқиб озиқ-овқат махсулотлари сотиб олишга 3131 сўмдан, дори–дармон харажатларига 8544 сўмдан;
  • Тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги Шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига ўртача бир ўрин кун хисобидан келиб чиқиб озиқ-овқат махсулотлари сотиб олишга 2872 сўмдан, дори–дармон харажатларига 17565 сўмдан;
  • Дори–дармон ва тиббий буюмлар сотиб олиш харажатлари учун ўртача 1-нафар ахолига туман кўп тармоқли марказий поликлиникага 4138 сўмдан, қишлоқ оилавий поликлинкалар ва қишлоқ врачлик пунктларига 3135 сўмдан;
  • Тез ёрдам хизматига дори–дармон ва тиббий буюмлар сотиб олиш харажатлари учун ўртача бир чақирилувчига 5000 сўмдан маблағлар режалаштирилмоқда.

Шунингдек, тумандаги тиббиёт муассасаларида ишловчи 150 нафар патранаж хамшираларга патранаж сумкаси ва тиббий жихозлар сотиб олиш учун жами 30.0 млн сўм маблағ ажратилди.

Соғлиқни сақлаш тизимида 2018 йилда туман маҳаллий бюджетидан тумандаги Иттифоқ ҚВП ҳамда Манак ҚОПларни иситиш тизимларини таъмирлаш хамда янги русумдаги энергия тежамкор қозонлар ўрнатиш харажатларига 88.0 млн сўм миқдорда маблағлар йўналтирилади.

Бундан ташқари, тиббиёт бирлашмасида моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармасини шаклантириш учун кўзда тутилган бюджет маблағларининг дастлабки хисоб–китоби 1 млрд. сўмни ташкил этмоқда.

Коммунал хўжалик ва бошқа иқтисодиёт харажатлари борасида туман махаллий бюджетидан ободонлаштириш бошқармасига тумандаги мавжуд тик қудуқларни ва коллекторларни мукаммал таъмирлаш учун 2018 йилда 47 млн. сўм ҳамда туманимизда жойлашган 2 та қабристонларни жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари учун жами 120 млн. сўм миқдорида маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.

2018 йил учун тасдикланган манзилли дастурлар асосида маҳаллий ҳокимликларнинг балансида бўлган 8.5 км масофадаги ички йўлларни таъмирлаш мақсадида жами 400 млн.сўм миқдорида маблағлар режалаштирилган.

2018 йил туман махаллий бюджетидан туман хокимликлари захира жамғармаси учун маблағ ажратилиши шунингдек, ҳар чорак якуни бўйича даромадларни ортириб бажарилган қисми туман ихтиёрида қолдирилиши кўзда тутилган бўлиб, ушбу маблағлар молия йили мобайнида туман иқтисодий, ижтимоий-маданий ва бошқа соҳалардаги қўшимча, кўзда тутилмаган харажатлар учун йўналтирилади.

Жорий йилда туманимизнинг маҳаллий бюджетидан амалга ошираётган харажатлари халқ хўжалигида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг сермаҳсул натижалари, аҳоли фаровонлигининг сезиларли даражада ошиши ва узлуксиз иқтисодий ўсишнинг мустаҳкам пойдевори бўлади.

Ж. ИМИНОВ

Хўжаобод тумани молия бўлими мудири.