ЖАМИЯТ

ЛОҚАЙДЛИК САБОҒИ ЁХУД АЛИМЕНТ ТЎЛАМАЙ ЮРГАН ОТАЛАР ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТИЛДИ


04.07.2021   876

Ҳар бир инсон оила қурар экан, оиланинг муқаддаслиги, фарзандлар олдидаги масъулият ва жавобгарликни теран англамоғи зарур. Бироқ,орамизда оиласи бирдамлигини йўқотиб, болалари олдидаги бурчларини унутиб қўяётган ота-оналар ҳам кўплаб учраб туради. Қуйида мана шундай шахслар тақдири ҳақида баён этамиз.

Ширин орзулар оғушида турмуш қурган хўжаободлик Ё.Н. ва Г.Р.лар бир фарзандли бўлгач, уларнинг оиласига дарз кетади. Натижада, иш ажримгача етиб бориб, фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судининг 14.11.2016 йилдаги суд буйруғига асосан қарздор Ё.Н.дан ундирувчи Г.Р. фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундирилиши белгиланди. Бироқ, Ё.Н. ўз фарзанди олдидаги бурчини унутиб, алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб келди. Шу сабабли, унга нисбатан Жалақудуқ туман маъмурий суди томонидан 16.03.2020 йилда 15 кунлик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Бундан хулоса чиқармаган Ё.Н. белгиланган жазосини ўтаб бўлгандан сўнг ҳам алиментдан бўлган қарздорлигини тўламай юрган. Натижада 5 млн 254 минг 236 сўм алимент қарздорлиги тўланмаган.

Жиноят ишлари бўйича Хўжаобод туман суди ушбу ҳолат бўйича ишни кўриб чиқиб, Жиноят кодекси 122-моддасининг 1-қисмига асосан, Ё.Н. га нисбатан 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судининг 14.04.2019 йилдаги суд буйруғига асосан ундирувчи Г.Т. фойдасига қарздор Т.А.дан бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш кўрсатилган.

Бироқ, оталик масъулиятини унутиб қўйган Т.А. алиментдан бўлган қарздорлигини тўлашдан бўйин товлаб юрган. Натижада, алимент қарздорлиги 11 млн 647 минг 492 сўмни ташкил этган.

Қарздор Т.А.нинг ҳам иши жиноят ишлари бўйича Хўжаобод туман суди томонидан кўриб чиқилиб, унга нисбатан 4 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинланди.

МИБ Андижон вилояти бошқармаси Ахборот хизмати.