Андижон 24

ҚУРБОНЛИКНИНГ ИЗОҲИ


10.08.2019   1827

Ҳайит кунларида Аллоҳ таолога энг севимли иш қодир бўлган кишиларнинг Аллоҳ йўлида қурбонлик сўйишларидир. Қурбонлик қилишдан мақсад, банданинг Яратувчи амрига итоатини ва тақвосини намоён этиш, Аллоҳ таолони улуғлаш, берган неъматларининг шукронасини адо қилишдир. Банданинг Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи молиявий ибодатлардан бири ҳам қурбонликдир. Қурбонлик "яқинлашмоқ" (луғатда), истилоҳда Аллоҳга маънавий яқинлашиш мақсади билан сўйилган ҳайвонга (жонлиққа) берилган номдир.

Қурбонлик ҳижратнинг иккинчи йилида Мадинаи-Мунавварада жорий бўлган, Қуръони Карим, Ҳадиси шариф ва Ижмоъ билан собитдир. Қурбонлик бой ва муқим (мусофир бўлмаган) ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга вожибдир.Бой деб, қарзидан ва асосий эҳтиёжидан ортиқча 20 мисқол (85 грамм) олтин ёки шу қийматдаги пул ёки молга эга бўлган одамга айтилади.

Ҳайвонлардан фақат қўй, эчки, қорамол ва туя қурбонлик қилиниши мумкин.Хўроз, товуқ, курка ва ғоз каби уй ҳайвонлари, гўшти ейиладиган ёввойи ҳайвонлар қурбонлик нияти билан сўйилиши мумкин эмас. Қўй ва эчки бир, туя беш,қорамол икки ёшдан ўтган бўлиши керак. Қўйдан ташқари бошқалари ҳар қанча салобатли кўринсалар ҳам белгиланган ёшга тўлмагунга қадар қурбонлик қилиниши жоиз эмас.

Қурбонликни сўйиш вақти ҳам бор бўлиб, Пайғамбаримиз алайҳиссалом "Кимики намоздан (ийд намозидан) олдин қўй сўйса, бас, қайтариб қурбонлик қилсин. Кимики намоздан сўнг сўйса, унинг қурбонлиги комил бўлди. Ва мусулмонларнинг суннатини топди", деганлар.

Қурбонликкаярамайдиган ҳайвонлар: 1. Бир кўзли, унинг бир кўзлиги ошкор бўлса. 2. Касал, касаллиги ошкор бўлса. 3.Чўлоқ, чўлоқлиги ошкора (уч оёғи билан юради, бир оёғини мутлақо босмайди) бўлса. 4. Ориқ, оёғида илиги қолмаган бўлса".

Ҳазрати Али айтди: "Кимки қурбонликни сотиб олиш учун уйидан чиқса, ҳар бир босган қадамига ўнта яхшилик ёзилиб, ўнта ёмонлик ўчиб, даражаси ўн баробар кўтарилади. Агар сотиб олаётганда гапирса, гапи тасбеҳ бўлади ва агар пулини санаса,ҳар дирҳамига етти юз баробар савоб олади. Агар уни сўйиш учун ерга ётқизса, у банда учун ердан то еттинчи қават осмонгача бўлган барча нарсалар истиғфор айтади. Агар қонини оқизса, Аллоҳ таоло унинг ҳар бир томчиси баробарига ўнта фариштани яратади. Улар қиёматгача бу бандага истиғфор айтиб туришади. Агар гўштини тақсимласа, ҳар бир луқмасига Исмоил алайҳиссаломнинг зурриётларидан битта қулни озод қилгандек савоб олади".

Муҳаммадюсуф ТЎРАҚУЛОВ,

Олтинкўл тумани бош имом-хатиби.