ЖАМИЯТ

КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ... ИССИҚХОНА


16.04.2020   901

Бир қарич ери борки, бугун астойдил ҳаракатда. Карантин талабларига риоя қилган ҳолда томорқа эгалари уйда қолиб, ҳам вақтини ҳам нақдини зое кетказмаётирлар. Айниқса, иссиқхона ташкил қилиб олган оилаларнинг куни туғди, деяверинг. Бола-чақасини ёнига олиб фойдали меҳнат билан банд.

Шундайлардан бири Қўрғонтепа туманидаги Тадбиркор маҳалласида яшовчи Барнохон Атамирзаева бўлади. Икки сотих ердаги иссиқхонаси бугун нафақат даромад манбаига, балки ортиқча вақтни исроф қилмаслик учун меҳнат майдонига айланган. Пленка остига экилган 1000 туп бодринг кўзни қувонтиради.

-Нонуштадан олдин бирров хабар олишга кириб, барқ уриб турган кўчатларга андармон бўлиб кетганимизни сезмай қоламиз, - дейди Барнорхон. – Келиним Турсиной ва набирам Гулҳаё менга ёрдамчи. Ўтган йили иссиқхонадан 10 миллион сўм даромад олган эдик. Бу йил ҳам ундан кам бўлмайди.

Яна шу маҳаллада яшовчи Ботиржон Эргашев хам 6 сотили иссиқхонада деҳқончилик қилиб, яхшигина фойда қилмоқда. Ўғли Қосимбек, қизи Одинахонлар кўмагида 3 минг тупдан зиёд бодринг кўчати парвариш қилинган эди. Олди ҳосил бозорга чиқарилди.

Азаматжон Тошматов.

Суратда: Барнохон Атамирзаева келини Турсиной ва набираси Гулҳаё билан бирга.