Андижон 24

КОРОНАВИРУС «КИР СОВУН»ДАН ҚЎРҚАДИМИ?


29.03.2020   2186

Ҳозир кўпчилик учун қўлларни тез-тез совунлаб ювиш, антисептик воситалардан фойдаланиш коронавирусни юқтирмасликнинг энг самарали воситаси сифатида қаралмоқда. Қўл телефонларимизга ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бу борада эътиборли бўлиш кераклиги ҳақидаги эслатмалар бот-бот келиб турибди.

Шундан бўлса керак, дорихона ва савдо тармоқларида нам салфетка ва антисептик воситаларнинг савдоси анча юришиб, нархлари ҳам шунга яраша “ўсиб-улғайди”.

Харидорларда танлаш имкони йўқлигиданми, ўзимизнинг эътиборсизлигимизданми, билмадим, ушбу дезинфекция воситаларининг ёрлиғини ўқиган ва танлаб олган инсонни учратмаймиз. Кимни кўрмайлик, “менга битта салфетка ва дезинфекция қилувчи гел беринг”, дея бор ихтиёрини сотувчига бериб қўйган.

Бир нафас тўхтаб, ўйлаб кўрайлик. Аслида ҳам харид қилаётган дезинфекция воситаларимиз вирусга қарши курашда қанчалик фойда беради? Унинг таркиби қандай? Қайси жиҳати фойдали-ю қайси тарафидан эҳтиёт бўлишимиз керак? Совунларнинг ҳаммаси ҳам бактерия ёки вирусга қарши кураша оладими? Унда нега рекламаларда совунларнинг антибактериал хусусиятларига алоҳида урғу берилади?

Ушбу саволларга аниқлик киритиш мақсадида “Ўзстандарт” агентлигининг “Uz test”лабораторияси мудири Нодира ҚОСИМБЕКОВАга мурожаат қилдик.

- Тўғри, дезинфекция воситалари ҳар хил бўлади, — дейди Н. Қосимбекова. — Мисол учун, халқ орасида кир совуни, яъни хўжалик совуни бу борада жуда машҳур. Аслида ҳам у табиий моддалардан тайёрлангани учун бир қатор ижобий хусусиятларга эга. Шунинг учун танамизга тошмалар тошса ёки нимадир чақса, ундан фойдаланиш тавсия этилади. У билан доимий қўлни ювиб туриш турли инфекциялардан ҳимояланишда яхши натижа беради. Таркибидаги ишқор моддаси эса либосларни яхши ва тоза ювилишини таъминлайди.

- Қўл ювишда ёки идишларни тозалашда фойдаланиладиган ҳид берувчи совун ва бошқа ювиш воситалари бу борада қанчалик фойдали?

- Кундалик қўл ювишда ишлатиладиган совунларда зарарли микробларни ўлдирадиган ҳимоя қисми камроқ. Унда асосий эътибор ёқимли ҳидга ва яхши кўпиришга қаратилади. Идиш ювадиган воситаларда жуда кучли кимёвий моддалар бор. Шунинг учун уларнинг ошқозонга зарари ҳақида кўп айтилмоқда. Улардан фойдалангандан кейин идишларни сувда узоқ чайиш тавсия этилади. Антибактериал совунлар эса зарарли микробларни ўлдиришда ўзига хос аҳамият касб этади. Лекин, ундан фойдаланганда терида жароҳатлар ёки ёриқлар бўлмаслиги керак. Йўқса, у акс натижа бериши ҳам мумкин.

— Демак, коронавирусга қарши курашда ҳамма совун ҳам бир хил самара бермас экан-да? Унда дезинфекция воситалари, яъни таркибида хлор ва спирт бўлган маҳсулотларнинг ўрни қандай?

- Албатта, антисептик воситалар, яъни қўлни ювишда ишлатиладиган гел ва бошқа суюқликлар айнан зарарли микроорганизмларга қарши курашиш учун ишлаб чиқарилади. Уларнинг ҳам ўзига хос турли ўлчам ва кучлилик даражаси мавжуд. Шунинг учун харид қилаётганда ёрлиқда кўрсатилган моддаларга эътибор қаратиш керак. Бу маҳсулотларнинг турли вазиятларга мос келадиган етти хил тури бор ва бу уларнинг ёрлиғида кўрсатилган бўлади.

- Одатда, уларни бир-биридан кўп ҳам фарқламаймиз. Гоҳида ҳидига эътибор қилганимизни ҳисобга олмасак, гел экан-да, деб ишлатиб кетаверамиз. Биттасини олиб бутун оила ишлатса бўлмайдими?

- Улар таркибига қўшилган кимёвий хом ашёга кўра турлича бўлади. Баъзи бирларида турли кислоталар кўп бўлса, бошқасида табиий гиёҳлар учрайди. Мисол учун, айни вазиятдан келиб чиқадиган бўлсак, болаларга кучли антисептик воситалар мумкин эмас. Уларнинг айримлари қўл ювилганда терида юпқа ҳимоя қатлами ҳосил қилади. Бу эса ўсаётган организмга зарар келтириши мумкин. Шунинг учун болаларга мойчечак қўшилган воситалар кундалик ва тез-тез қўллаш тавсия этилади. Айни вақтда қурилиш ёки бошқа оғир соҳаларда меҳнат қилаётган ва кўпчилик билан муомалада бўлаётган тоифа ҳам бор. Улар кучлироқ антисептик воситаларни қўллаши керак. Шунинг учун ишлаётган жойи, яшаш шароити, кундалик ҳаёти қандай ўтаётганига кўра, ҳар бир инсон ёрлиқларни ўқиб, ўзига мос антисептик воситаларни танлаши керак.

- Демак, тушунар-тушунмас харид қилиш керак эмас. Ҳаммага ҳам бир хил воситалар тўғри келавермайдими?

- Ювиш воситаларини кузатадиган бўлсак, ҳар бирини ўзига хос хусусияти ва параметрлари мавжуд. Уларни ишлаб чиқаришда инсон танасига мос хусусиятлар ҳисобга олинади. Ҳатто мушук ёки итга ҳам алоҳида чиқарилади. Уларнинг танаси, бадани инсондан фарқ қилгани учун. Мисол учун, бизда хизматчилар оддий хлорни сувга аралаштириб, ҳар соатда хоналарга сепишмоқда. Бу ҳам ўзига хос антисептик тозаловчи восита. Аммо, у қўлга тегса,терини ўйиб юборади. Қўлга тегишини ҳисобга олсак, унга озроқ ёғ қўшиш керак. Йўқса, кучли антисептик воситаларни ҳар куни ишлатсангиз-у, аммо, қўл териси ёрилиб ёки қуриб қолса, инфекцияларнинг жойлашиб олиши учун қулай шароит яратилади. Бу эса фойдадан кўра кўпроқ зарарли оқибатларга олиб келади.

- Уй шароитида ана шундай маҳсулотларни тайёрлаш ва қўллаш борасида қандай тавсиялар берган бўлардингиз?

- Уйда тайёрлашга келсак, уларга ишлатиладиган хомашёларнинг кимёвий модда эканлигини унутмаслигимиз керак. Дезинфекция воситаларини тайёрлашда одатда икки хил хом ашёдан кўпроқ фойдаланилади. Бири нисбатан кучсизроқ ҳисобланадиган ишқорий моддалар бўлса, иккинчиси, кучли кислоталар мажмуасидан иборат бўлади. Улардан қандай нисбатларда фойдаланиш кўпроқ мутахассисларга аён.

Агарда уйда тайёрлашни жуда истасангиз, спиртга сув қўшилган аралашма шаклида кўллаш мумкин. Кучлироқ дезинфекция воситаси тайёрлаш учун бари бир хомашё учун харажат қилишга тўғри келади. Хлор, глицирин ва яна бир қатор антисептик воситалар ҳамма хонадонда ҳам бўлавермайди. Шунингдек, кимёвий моддалардан билиб-билмай фойдаланиш ўзингизга ҳам, оила аъзоларингизга ҳам зиён келтириши мумкин. Келинг, яхшиси махсус тайёрланган ва сертификатланган сифатли маҳсулотдан фойдаланайлик.

Сайёра Шоева.

Манба: uza.uz