Андижон 24

ҚИРҒИЗИСТОНДАН ҚАЙТГАН 175 НАФАР ФУҚАРОНИНГ КАРАНТИН МУДДАТИ ТУГАДИ. УЛАРДА КОРОНАВИРУС АНИҚЛАНМАДИ (+ФОТО)


05.05.2020   4755

5 май, сешанба куни Андижон туманидаги “Боғишамол” оромгоҳида карантинда сақланган Қирғизистон Республикасидан қайтган фуқароларнинг 175 нафари карантин даври тугаб, ўз уйларига қайтди. Бу ҳақда «auz.uz» онлайн гуруҳи хабар бермоқда.

23 апрель куни қўшни Қирғизистон Республикасида бўлиб турган 175 нафар Ўзбекистон фуқаролари “Дўстлик” чегара-божхона маскани орқали Андижон вилоятига олиб келиниб, Жаҳон саломатлик ташкилоти тавсиясига кўра, 14 кунлик карантинга олинган эди. Уларнинг 148 нафари эркак, 16 нафари аёл, 11 нафар вояга етмаган шахслардир.

Карантинга олинганлар аксарияти меҳнат миграциясида бўлиб турган мамлакатимизнинг турли вилоятларида яшовчи юртдошларимиз бўлган.

Карантин кузатувида бўлганлар учун зарур барча шароитлар яратиб берилди, уларнинг саломатлиги тиббиёт ходимлари томонидан доимий назоратда бўлди.

Белгиланган муддатдан сўнг улар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, махсус тест таҳлиллари олинди. Текширув ва таҳлиллар натижаларига кўра, уларнинг бирортасида ҳам касаллик аломатлари аниқланмади. Касаллик тарқатиш хавфи йўқлиги боис, уларга ўз оилалари бағрига қайтиши учун рухсат берилди.

Вилоят ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар томонидан мазкур фуқароларнинг яшаш манзилларига соғ-саломат етиб олишлари учун барча шароитлар яратилиб, транспорт воситалари ажратилди.

Маълум бўлишича, шу кунга қадар четдан келган фуқароларнинг 3 минг 620 нафари карантинга олинган. Уларнинг 2 минг 987 нафари тегишли тартиб асосида карантиндан 14 кун мобайнида карантин зоналарида сақланиб, касаллик аниқланмагандан сўнг карантиндан чиқарилган.