ЖАМИЯТ

ҲАРБИЙЛАРГА АТАЛГАН ДИЛ СЎЗЛАРИ


11.05.2020   760

Андижон шаҳрининг 1 кичик даҳасида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийлари Исмоил ака ва София опа Вишняковлар хонадонида қўнғироқ чалинганда, эшикни очиб ҳарбийлар ташриф буюрганини кўриб, дастлаб хайрон бўлдилар. Кутилмаган меҳмонлар совғалар билан турардилар.

-Ассалому аллайкум қўшнилар, - дея мурожаат қилди уларга Ёйилма маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жамилахон Отабоева. – Булар “Андижон” аэропортида хавфсизликни таъминлаш алохида батальони аскар ва офицерлари. Карантинда сизлардан хабар олгани келишди.

Ҳарбийлар “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида якка-ёлғиз, ногирон, боқувчисини йўқотган оилалар учун озиқ-овқат ва тиббиёт воситаларидан иборат совғалар ҳозирлашди.

Сержант Хуршидбек Муминов хонадон соҳибларига аталганларни эгаларига топширганда кексалар дилдан қилинган эҳсон учун миннатдорлик билдирдилар. Шу тариқа 60 та хонадонга борилди.

-Ушбу ҳайрия ишлари учун ўн миллион сўм ажратилди, - дейди батальон командирининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари Азизбек Нарзиев. – Барча хизматчиларимиз чин кўнгилдан ёндошдилар. Совғалар 1, 2, 3, 4, 5-кичик даҳаларда ҳамда Олтинкўл туманида истиқомат қилувчи фуқароларга элтиб берилди.

Маҳалла раислари ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларни аниқлашга ҳисса қўшдилар. Ҳарбийларга хос интизом акциянинг манзиллилиги таъминлади.

Аъзамжон Қодиров.