Андижон 24

Ҳар куни янгилик: ИҚТИДОРЛАР МАСКАНИ


28.01.2020   1411

Избоскан туманидаги 20-умумий ўрта таълим мактабида “Беш ташаббус - беш имкон” мавзусида семинар–тренинг бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳамда туман халқ таълими вакиллари иштирок этдилар. Қатнашчилар адабиёт, санъат, китобхонлик, қўл меҳнати, спорт тўгараклари фаолияти билан танишдилар. “Қувноқ стартлар” мусобақалари, спортнинг шахмат-шашка, стол тенниси, волейбол, баскетбол ва футбол турлари бўйича беллашувлар ташкил этилди.

Китобхонликни кенг тарғиб қилиш юзасидан тизимли ишлар йўлга қўйилган. Ҳафтанинг душанба кунлари ўтказиб келинаётган “Ёш китобхон” кўрик-танлови меҳмонларда яхши таасурот қолдирди. “Ёш компьютерчилар” тўгараги аъзолари интернетдан самарали фойдаланиш, дастурлар яратиш, тақдимотлар қилиш, автоплей медиа студияси ва прашов дастурларида ишлашни намойиш қилишди.

- Феруза Турсунова,Гулчирой Хакимова, Муслима Араббоева, Миржалол Аҳмаджонов, Сарвиноз Раҳмонова, Мухсина Неъматова, Зебинисо Қаҳрамонбекова, Дурдона Ибрагимова, Моҳларой Нуриддиновалар туман фан олимпиадасида фанлар бўйича ғолибликни киритиб, вилоят босқичига йўлланма олишди, - дейди мактаб директори Азизилло Абдукаримов. – Эришаётган ютуқларимизда бизга яратилаётган имконият ва эътиборнинг аҳамияти катта.

Касб-ҳунар тўгараги аъзолари ширинлик, пишириқ, салат, миллий таомлар, бичув-тикув ишларининг кўргазмаларини ташкил этдилар. Шунингдек, мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турлари бўйича тайёрланган бадиий композициялар иштирокчиларга манзур бўлди.

Жалолиддин Мангуберди сиймоси гавдалантирилган саҳна кўриниши, дилбар куй-қўшиқлар, бошланғич синф ўқувчилари томонидан тайёрланган “Зумрад ва Қиммат” қўғирчоқ театрининг намойиши ўқувчилар истеъдодининг яна бир ифодаси бўлди. Тадбир сўнгида 8-синф ўқувчиси Гулмира Латифжонованинг “Булоқча” номли илк китоби тақдимоти ўтказилди. Унда ота-оналар, ижодкор ёшлар қатнашдилар.

Беҳзодбек БАРАТОВ.