Андижон 24

КАРТОШКА ЕТИШТИРИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ: ҲАМКОРЛИК ВА САМАРАЛАР


16.11.2018   2497

Олтинкўл тумани Кўмакай қишлоғида Европа иттифоқи томонидан молиялаштирилган “Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш” лойиҳаси доирасида картошкачиликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда картошка уруғини сақлашга мўлжалланган совутгич омборхона очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Хорижлик меҳмонлар, мутахассислар, вилоят ҳокимлиги, картошкачилик соҳаси вакиллари иштирок этган тадбирда мазкур лойиҳа доирасида вилоятимизда 2016 йил апрель ойидан картошка етиштириш, картошка уруғчилигини ривожлантириш бўйича иш олиб борилаётганлиги ва муайян ютуқларга эришилганлиги таъкидланди.

Тадбирда сўз олган Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Эдуардес Стипраис, Франциянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вилемер, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги бўлим бошлиғи Феруза Абдусаматова, картошкачилик бўйича франциялик эксперт Мишель Малет ва бошқалар сўз олиб, лойиҳанинг мақсад-мазмуни, лойиҳа асосида олиб борилган ишлар, унинг самаралари хусусида гапирдилар.

Германия, Франция, Италия ва Болгария мутахассислари иштирокида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа доирасида жорий йил февраль ойида Франциядан келтирилган турли навдаги картошка уруғлари Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш маркази Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти Андижон илмий-тажриба станцияси, Жалақудуқ туманидаги “Тоҳиржонов Умиджон”, Булоқбоши туманидаги “Экоагроплюс” фермер хўжаликлари далаларида экилиб, синовдан ўтказилди. Олтинкўл туманида “Инновацион агросервис” кооперативи ташкил этилиб, унинг базасида 100 тонна сиғимга эга картошка уруғини сақлашга мўлжалланган музлатгич-омборхона барпо этилди.

- Тўрт блокдан иборат музлатгич-омборхона қарийб 142 минг евро миқдоридаги хорижий ускуналар билан жиҳозланди, - дейди “Инновацион агросервис” кооперативи директори Муроджон Комилов. –Бу ерда истеъмол ҳамда уруғликка мўлжалланган картошкаларни алоҳида-алоҳида, яъни белгиланган меъёрлар асосида сақлаш имкони яратилди.

Шунингдек, тадбирда Германиядан келтирилган картошка ковлаш ускунасининг тақдимоти ҳамда картошканинг янги навлари дегустацияси тадбири ҳам бўлиб ўтди. Мутахассислар картошка ковлаш ускунасининг имкониятлари ҳақида иштирокчиларга маълумотлар бердилар.

Мазкур лойиҳа вилоятимизда картошка етиштириш, айниқса, серҳосил ва сифатли янги навлар яратиш, картошка уруғчилигини ривожлантириш, мазкур йўналишдаги илғор тажриба ва технологияларни амалиётга татбиқ этиш ишларини юксалишига, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганлиги билан аҳамиятлидир.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ