ЖАМИЯТ

КАМБАҒАЛЛИКНИ ҚИСҚАРТИРИШ ОРҚАЛИ ИҚТИСОДИЙ ЎСИШ БОШЛАНДИ


21.06.2020   762

Коронавирус пандемияси сабабли иқтисодиётни барқарорлаштириш куннинг долзарб вазифаларидан бирига айланди. Давлатимиз раҳбари томонидан 9 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2020 йилда иқтисодий ўсишни таъминлашнинг 8 та асосий йўналиши белгилаб берилди. Бу ўз-ўзидан ана шу йўналишлардаги фаолиятни янада жонлантиришни талаб этади.

Асосий вазифалардан бири сифатида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини ошириш қўйилди. Бу масалани ҳал этмай иқтисодий ўсиш ҳақида гапириш қийин. Қачонки, инсон ўз яшаш уйи ва тайинли иш жойига эга бўлгандагина ундан ташаббус ва олдинга интилишни кутиш мумкин.

Президентимиз шу йилнинг 21-22 май кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида таъкидлаганларидек, камбағалликдан чиқишнинг энг асосий замини – уй-жой. Чунки одамларнинг бошпанаси бўлса, ўзи ҳаракат қилиб, рўзғорини оёққа қўйиб олади.

Андижон аҳоли энг зич жойлашган ҳудудлардан бири эканлигини инобатга олсак, вилоятда бу масала янада долзарб аҳамият касб этади. Бугунги кунда ердан унумли фойдаланиш ҳисобига аҳолини уй-жой ва иш билан таъминлаш масаласи ижобий ечим топмоқда. Қатор собиқ ишлаб чиқариш майдонлари ўрнида тураржой мажмуалари қурилаётгани қувонарли. Биргина вилоят марказида охирги йилларда жами 1 минг 798 хонадондан иборат 41 та кўп қаватли уйлар қурилди. Андижон шаҳрида бошланган бу ҳаракат бугун туманларга кўчди.

Кези келганда "Замонавий қишлоқ" лойиҳаси асосида бошқа турар жойлардагидан фарқли замонавий уйлар қуриш борасида Андижон тажрибаси яратилаётганини айтиб ўтиш ўринли. Бу ҳам камбағалликни қисқартиришга хизмат қилади.

Аҳоли турмуш фаровонлигини оширишдабандлик масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Секторлар кесимида ҳар бир хонадонга кириб бориш натижасида бундан икки ой илгари вилоятда 40 мингдан ортиқ хонадоннинг ёрдамга муҳтожлиги аниқланиб, "темир дафтар"га киритилганди. Уларни камбағалликдан чиқариш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, қисқа вақтда ана шу оилаларнинг меҳнатга лаёқатли 18 минг 837 нафар аъзоси ишга жойлаштирилди.1 минг 7 бош эчки, 407 мингта парранда ва 6 мингга яқин қуён тарқатиш орқали хонадонларнинг ўзида иш ўринлари яратилди.

Бир сўз билан айтганда, бугун ҳаракат қилган кам бўлмайди. Оиламиздаги иқтисодий ўсиш давлатимизни юксалтиради. Муҳими, боқимандаликка йўл бермайлик.

Иброҳимжон

МИТИЛЛАЕВ,

"Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банки Андижон минтақавий филиали раҳбари.