Андижон 24

ИСТИҚЛОЛ АЙЁМИ АРАФАСИДА ҚЎРҒОНТЕПАДА 21 ТА МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСИ ИШГА ТУШДИ


30.08.2019   2386

29 август, пайшанба, куни Қўрғонтепа туманидаги 150 болажонни ўз бағрига олган 37-давлат мактабгача таълим муассасаси инвестиция дастури доирасида қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда “auz.uz” мухбири хабар бермоқда.

Дастлаб MTMда 80 нафар бола тарбияланган бўлса, капитал таъмирлашдан сўнг 150 нафар бола қабул қилинади. Очилиш маросимида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчилар учун замонавий ошхона, спорт, ҳарбийлар, йўл ҳаракати қоидалари майдончаси, кутубхона, ёзги айвончалар ҳамда саҳна майдончаси қурилди. MTM замонавий юмшоқ мебел ҳамда ўйинчоқлар билан тўлиқ таъминланди.

Хавфсизликни таъминлаш мақсадида барча хоналар замонавий рақамли видеокузатув ҳамда қайд этиш камералари билан жиҳозланди. Бунинг учун инвестиция дастуридан 2 миллиард 600 миллион сўм сарфланди. Уч ой давом этган қурилиш ишларини “Элнур шамс” МЧЖнинг бинокорлари олиб борди.

- Муассасамизнинг эски ҳолатини кўрсангиз нафақат болаларга, балки биз тарбиячиларга ҳам раҳмингиз келиши аниқ эди, - дейди Мадинахон Ҳакимова. – Бино икки қаватли бўлсада, фақат биринчи қаватидан фойдаланардик. Шунда ҳам нураб кетган, заҳ хоналарда ишлашга мажбур бўлганмиз. Қурилиш ишлари якунланганида боғчамизни ўзимиз танимай қолдик.

Мактабгача таълим бўлими мудираси Рўзихон Усмонохунова маълум қилишича, Мустақиллиқ айёми арафасида яна тўртта давлат, учта хусусий-шерикчилик, ўн тўртта уй боғчалар ишга тушади. Шу билан мактабгача таълим муассасалар сони 91 тага етади. Натижада боғча ёшидаги 16620 нафар боладан 8960 нафари қамраб олинади.

Тадбир давомида фаоллик кўрсатган қурувчилар, 2018-2019 ўқув йили давомида самарали меҳнат қилган тизим ходимлари вилоят ҳокимининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.