Андижон 24

ИНТИЗОМ, МАСЪУЛИЯТ ВА ФИДОЙИЛИК БИЛАН ВАЗИЯТДАН ЧИҚАМИЗ


09.07.2020   2249

Ўзбекистонда эпидемиологик вазият мураккаблашгани сабабли карантин чоралари кучайтирилди. Ушбу тартиб республика махсус комиссияси қарорига кўра, 10 июлдан 1 августгача бўлган муддатда амал қилинади.

Мазкур даврда Андижонда қўлланиладиган чоралар, фаолият юритиш тартиби хусусида вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов яна бир бор изоҳ ва топшириқлар берди.

Жорий йилнинг 30 июнь кунига вилоятда мазкур хасталикдан сўнгги 38 нафар бемор даволанаётган эди. Афсуски, аҳоли томонидан бепарволик, карантин ва шахсий гигиена қоидаларига риоя этмаслик оқибатида ўтган 9 кунда вирус юқтириб олиш ҳолатлари кескин ортди. Белгиланган миқдордан зиёд меҳмон кутиб тўй қилиш, ижтимоий масофани сақламаслик, тиббий ниқобсиз юриш, касаллик аломатлари сезилганда врачга мурожаат қилмаслик натижасида вилоят шаҳар ва туманлари тўлалигича сариқ ҳудудга киритилди.

Шу билан бирга жорий қилинаётган чекловлар ҳаёт тўхтаб қолди, дегани эмас. Вилоятнинг июль ойига белгиланган 180 миллиард сўм ҳажмидаги бюджет тушумларин бажариш заруратини ҳисобга олсак, иқтисодиётнинг барча тармоқлари карантин қоидаларига тўлиқ ва қатъий амал қилган ҳолда фаолиятини давом эттириши лозим. Мазкур тартиб-таомил деҳқон бозорларига ҳам тааллуқли. Нарх-навонинг асоссиз ортиб кетишига йўл қўйилмайди.

Гарчи коронавирус инфекцияси ҳаво йўли билан юқсада, мутахассисларнинг фикрига кўра, аҳолиси зич жойлашган Андижон шароитида инфекция маиший мулоқот йўли билан юқаётгани кузатилмоқда. Шу боис ҳар бир фуқаро аввало ўзини, оиласини, меҳнат жамоасини бу балодан асрашга бурчлидир. Унутсмаслик керакки, ҳар икки соатда алмаштириб фойдаланилган тиббий ниқоб юқиш хавфини 85-90 фоизга камайтиради.

Вилоят ҳокими барча андижонликлар қатъий интизом ва тартиб асосида масъулият билан меҳнат қилиб, бугунги синовдан муваффақиятли ўтишларига ишонч билдирди.

«auz.uz» online гуруҳи.