Андижон 24

ИНСОННИ САДОҚАТ РУҲИДА ТАРБИЯЛАШДА ЎЗБЕК ТИЛИНИНГ АҲАМИЯТИ КАТТА


28.09.2020   769

Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 21 октябрь куни “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш

чора-тадбирлари тўғрисида” Фармон қабул қилинди. Унга биноан 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди. Она тилимиз фидойилари, бутун халқимиз бу хушхабарни катта хурсандчилик билан қарши олди.

Халқнинг Ватани, давлати каби яна бир буюк, эҳтимолки, бирламчи бойлиги бор. Бу – унинг тили. Айнан тил одамлар гуруҳини бир миллат сифатида бириктиради, яъни халқни – халқ, миллатни – миллат қилади.

1989 йил 21 октябрь. “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Халқимизнинг муқаддас қадриятларидан бири бўлган она тилимиз ўзининг қонуний мақоми ва ҳимоясига эга бўлди. Она тилимиз миллий ўзлигимиздир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди. Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало, ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб бораётир.

Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошди. “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги
ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Мумтоз адабиётимиз намуналари, саксон мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан, техника, санoат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамаларни, шеваларда қўлланиладиган сўзларни ўз ичига олган беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” бу борада амалга оширилган ишларнинг энг муҳимларидандир.

Шу ўринда божхона тизимида “Ўзбек тили байрами куни” кенг нишонлашга қаратилган салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Ҳусусан, барча ходимларнинг фарзандлари ўртасида “Тилим менинг-фахрим менинг” мавзусида иншолар кўрик танлови эълон қилини, байрамолди кунлари танлов ғолиблари тақдирланишлари режалаштирилмоқда.

Андижон вилояти божхона бошқармаси

Бош инспектори З.Собиржонов