ЖАМИЯТ

ИНДОНЕЗИЯДА ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ СТЕНДИ НАМОЙИШ ЭТИЛАДИ


21.07.2023   161

Мамлакатимиз туризм салоҳиятини Осиё бозорларида кенг тарғиб этиш мақсадида мамлакатимиз туризм соҳаси вакиллари томонидан 2023 йилнинг 4-6 август кунлари Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ҳалал Фаир Жакарта” ярмаркасида Ўзбекистон миллий стенди тақдимоти орқали иштирок этиш режалаштирилмоқда.

Халқаро кўргазма кунларида делегациямиз аъзолари томонидан кўплаб янги ва қизиқарли сайёҳлик маҳсулотлари намойиш этилади. Асосий эътибор нафақат анъанавий қадриятларга, балки мамлакатнинг гастрономик салоҳиятини ўрганишга ҳам қаратилади. Миллий стендимизга ташриф буюрганлар Ўзбекистон пазандалик меросининг маҳорати ва таъмини, севимли миллий таом – паловнинг тайёрланиши ва дастурхонга тортилишини ўз кўзлари билан кўриш имконига эга бўладилар. Ушбу ажойиб тажриба Ўзбекистоннинг бой маданий ва ошпазлик мероси ҳақида унутилмас таассуротлар орқали ташриф буюрувчиларни ҳайратга солишга қаратилган.

Делегация туристик таклифларини намойиш этишдан ташқари, потенциал ҳамкорлар ва таниқли ташкилотлар билан музокараларда фаол иштирок этади. Мақсад уларни жорий йилнинг ноябрь ойида пойтахтимизда бўлиб ўтадиган ТХТЙ-2023 Тошкент халқаро туризм ярмаркасида қатнашишга жалб этишдан иборат. Ҳамкорлик ва шерикликни ривожлантириш орқали Ўзбекистон минтақадаги етакчи сайёҳлик йўналиши сифатидаги мавқейини янада мустаҳкамлашга интилади.