ЖАМИЯТ

ИМТИЁЗЛИ ДАВОЛАНИШНИНГ ШАФФОФ ТИЗИМИ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ


25.08.2021   1307

Президентимизнинг “Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга квота асосида ордер бериш тизимини такомиллаштириш бўйича бир қатор муҳим вазифалар белгиланди.

Унга кўра, жорий йил 1 октябрдан бошлаб, юртимиздаги 13 та ихтисослаштирилган давлат тиббиёт муассасаси ва Болалар миллий тиббиёт марказига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга квота асосида ордер бериш тартиби бекор қилинади ва молиялаштиришнинг янги механизми асосида уларни ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллашнинг электрон ахборот тизими жорий этилади.

Имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни ихтисослаштирилган муассасаларга даволанишга йўллашда:

* касалликнинг оғирлиги даражасидан келиб чиқиб ахборот тизими орқали навбатда туришнинг шаффоф механизмлари татбиқ этилади;

* кам таъминланган оилаларга мансуб шахслар тоифасига кирувчи фуқаролар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига мувофиқ аниқланади;

* беморларга ўзларининг сўровлари, мурожаатлари ҳамда навбати ҳақидаги ахборотни реал вақт режимида олиш имконияти таъминланади;

* беморларга, уларнинг касаллигига мувофиқ ихтисослаштирилган муассасаларда даволанишларини таъминлайдиган, тиббий хизматнинг қиймати кўрсатилган ҳамда матрицали штрих код (QR-код)га эга бўлган йўлланма берилади;

* йўлланма ахборот тизимида автоматик тарзда шакллантирилади ва давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотларида тиббий хизматлар олиш ҳуқуқини беради;

* бемор, даволанганидан сўнг Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси даволаган муассасага базавий нархлар доирасида беморга кўрсатилган тиббий хизматларни асословчи ҳужжатларга мувофиқ, сарфланган маблағни Давлат бюджети ҳисобидан ўтказиб беради.

Қарорга мувофиқ, амалдаги ордер бериш тартибига асосан расмийлаштирилган ордерлардан 2022 йилнинг 1 январига қадар фойдаланиш белгиланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.