ЖАМИЯТ

ИМОН ЗАИФЛАШСА, МАЙДАКАШЛИК КУЧАЯДИ


30.05.2019   956

Андижонда ҳаёт қайнайди. Қуёшнинг заррин нурлари ила ёришган кўчаларда ҳаракат саҳар-мардондан бошланади. Ўзгача бўлиши ҳам мумкин эмас, зеро аҳоли зич ҳудудда, содда қилиб айтганда, яшаш учун интилиш, иштиёқ доимо икки ҳисса юқори юрган. Шу боис ижтимоий-иқтисодий муаммоларни изчил хал этиш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш баробарида бунёдкорлик ва яратувчилик кўлами ҳам кун сайин эмас, соат сайин кенгаймоқда, қулоч ёймоқда.

Буни таърифлаётганимнинг боиси шуки, куни-кеча бўлиб ўтган йиғилиш асносида рўзаи-рамазон ойи тўғрисида сўз юритилди. Ҳаёт ташвишлари, фуқаролар осойишталиги масалалари билан андармон бўлган турли даражадаги раҳбар ва фаолларга ушбу ойнинг улуғлиги, савоби, барокати хусусида вилоятимиз бош имом-хатиби Нуриддин қори Холиқназаров мароқли маъруза қилдилар.

Кўпчилик қатори мен ҳам диний илм бобида ўзим учун оддий лекин барча замонларда аҳамиятини йўқотмай келаётган ҳақиқатларни кашф этдим, дея оламан. Инсонпарварлик ғоялари асосини ташкил қилувчи қуръони карим ва хадиси шарифлардан келтирилган мисоллар орқали эзгу амалларга таъриф берилди.

Хусусан закот, фитр, фидя кабилар тўғрисидаги тушунчаларга тўхталди, ушбу амалларни адо этишнинг тартиб-таомиллари изоҳланди. 17 миллион сўмга қодир кимса маблағининг 40 дан бир улушини закот сифатида сарфлаши ҳам етим-есирлар ҳаққини адо этиш билан бирга, хонадон соҳибларини бало-қазолардан асраши уқтирилди. Фитр миқдори буғдой, арпа, майиз ёки хурмо нархидан келиб чиқиб белгиланиши таъкидланди. Масалан, икки кило буғдойга қиёсайдиган бўлсак бир кишига 6 минг сўмга тўғри келар экан.

Шу ўринда вилоятимиз бош имом-хатиби рўза фитрини Вақф фондига ўтказиш имконияти яратилганини билдирди. Мазкур маблағ амалларнинг энг эзгуси – ногирон ва етимлар эҳтиёжига йўналтирилишини айтиб ўтди.

Афсуски, кейинги вақтда жамиятимизда майдакашлик, бўлар-бўлмас масалаларни омма муҳокамасига олиб чиқиш, ҳолатни бузиб кўрсатишурчиб кетди. Йиғилиш мазмун-мохияти ҳам шундай тарзда талқин этилиб, ижтимоий тармоқларда нотўғри таърифланяпти.

Барака топкурлар, бировнинг чўнтагидагини санаш ўрнинга ўзингизнинг каломингизга эътиборли бўлинг, зеро бўхтоннинг ҳам сўрови бўлади.

С. Шукуров.