ЖАМИЯТ

ИММУНИТЕТ МУСТАҲКАМЛИГИ ТЎҒРИ ОВҚАТЛАНИШГА БОҒЛИҚ(МИ)?!


04.08.2020   1141

ИММУНИТЕТ лотинча "иммунитос" сўзидан олинган бўлиб ёт моддалардан холос бўлиш, "мойилсизлик" деган маънони билдиради. Демак иммунитет бу организмнинг юқумли касаллик қўзғатувчилари таъсиридан ҳимоя қилувчи омилдир. Юқумли касалликларга мойилсизлик кўп сабабларга боғлиқ бўлиб буларнинг ҳаммаси чидамлилик ёки иммунитет номи остида бирлашгандир. Иммунитет келиб чиқишига кўра: Туғма иммунитетва орттирилган иммунитет.

ТАБИИЙ ИММУНИТЕТ одам бирор юқумли касаллик билан касаллиниб тузалиши натижасида ҳосил бўлади. Шунинг учун баъзи юқумли касалликлар билан одам фақат бир марта касалланади, яъни биринчи марта касалланиш даврида унинг организмида бу касалликни қўзғатувчи микроб ёки вирусга қарши иммунитет ҳосил бўлади. Бу иммунитет бутун умри давомида сақланади. Масалан: қизамиқ, тепки, чечак, бўғма, кўкйўтал каби юқумли касалликлар билан одам фақат бир марта касалланади.

СУНЪИЙ ИММУНИТЕТ соғлом одамни эмлаш натижасида унинг организмида ҳосил қилинади. Эмлаш учун махсус лабораторияларда касаллик қўзғатувчи микроблар ёки вирусларни кучсизлантириш йўли билан ваксиналар тайёрланади. Бу ваксиналар билан эмлаш натижасида улар таркибидаги кучсизлантирилган микроблар ёки вирусларга қарши организмда иммунитет ҳосил қилинади. Шунинг учун эмланган одам организмига бу касалликни қўзғатувчи микроб ёки вируслар кирганда ҳам у касалланмайди. 2019-йилнинг декабр ойида аниқланган Коронавирус касаллигига ҳалигача ваксина топилгани йўқ. Ҳозирда 18,5 миллиондан ортиқ инсон бу хасталик билан курашмоқда. 650 мингдан ортиқ беморлар вафот этди. Ва бу рақамлар кундан-кунга, керак бўлса сонияма-сония ортиб бормоқда. Бундай вазиятда сунъий иммунитет ҳосил қилишни иложи йўқ экан, барчамиз иммунитетимизни мустаҳкам қилишга ҳаракат қилишимиз керак. Бунинг учун аввало тўғри овқатланиш зарур.

Иммунитет организмнинг душмани бўлмиш вирус бактериялар ҳужумидан ҳимоя қилучи тизимдир. Иммунитетимизнинг мустаҳкамлигида спортнинг ҳам ўрни катта, албатта. Aммо бунинг ўзи етарли эмас. Спорт тўғри овқатланиш билан бирга олиб борилмаса, фойдаси сезилмайди.

ОВҚАТЛАНИШ — бу организмга керак бўлган барча зарурий моддаларнинг етказиб берилишидир. Бу организм фаолиятининг издан чиқмаслигини ҳамда касалланмаслигини таъминлайди. Бунинг учун эса таомларимизда ана шу зарурий моддалар бўлиши керак.Aгар сиз қовурилган картошка (чипс), бодроқ каби тайёр маҳсулотларни истеъмол қилсангиз, жигарингиз ишини оғирлаштириб қўйишингиз мумкин. Иммун тизими барча ички аъзолар фаолиятига боғлиқ бўлганлиги учун улардаги салбий ўзгаришлар дарҳол иммун тизимига таъсир қилади. Шунинг учун аъзоларга «ёқмайдиган» таомлар иммунитетнинг пасайишига сабаб бўлади. Натижада у ҳужум қилаётган микробларга қарши кураша олмайди ва одам турли касалликларга чалиниб қолиши мумкин. Бундай бўлмаслиги учун тўғри овқатланишга ўрганинг.

ИММУНИТЕТНИ ОШИРИШНИ ТАМИНЛОВЧИ МАҲСУЛОТЛАР:

СУТ. Ушбу маҳсулотда оқсил моддаси, ёғлар, углеводлар ва минерал моддалар мўл.

ЁГУРТ ВА КЕФИР. Сут кислотасидаги тирик бактериялар (пробиотиклар) ичакдаги оптимал бактериал флорани сақлаб туриш учун жуда зарур. Бундан ташқари, улар иммунитетга ҳам ижобий таъсир қилади. Қатиқ маҳсулотларини ачитқи ёрдамида ўзингиз мустақил равишда тайёрлаганингиз маъқул.

AСАЛ. Бу ширинлик шифобахш хусусиятларга эга: у қон-томир тизимига, юракка ижобий таъсир қилади, иммунитетни мустаҳкамлайди ва шамоллашни даволайди. Aнтибактериал хусусиятга ҳам эга. Сабзи. Тўқ сариқ рангли ушбу сабзавот жуда кучли шифобахш маҳсулот ҳисобланади. Ундаги бета-каротин кўз учун жуда фойдали. Шунингдек у умумий заифлик ва анемияда фойдали бўлиб, организмга вирусларга қарши курашишда ёрдам беради.

КУРКА ГЎШТИ. Парҳез гўшт – энг фойдали маҳсулотлардан бири ҳисобланади (уни одатда аллергияси бор болаларга тавсия этишади). Унинг таркибида жуда кўп миқдорда темир, рух, магний моддалари, В гуруҳи витаминлари, оқсил моддаси мавжуд. Aнемиянинг олдини олади, организмни мустаҳкамлайди. Юмшоқ гўштни творог, сарёғ ва қирғичдан чиқарилган пишлоқ билан аралаштириб беринг.

Петрушка кўкати. Бир чой қошиқ майдаланган кўкат гўдакнингминерал ва витаминларга бўлган бир суткалик эҳтиёжини қондиради. Петрушкада деярли барча витаминлар мавжуд (С, Э, В гуруҳи витаминлари, A провитамини ҳамда кўп миқдорда темир, кальций, калий ва фосфор моддалари бор). Ушбу кўкат шамоллаш ва гриппда катта ёрдам беради.

ЛАВЛАГИ. Ширин сабзавот яллиғланишни даволайди, анемиянинг олдини олади, асаб тизими фаолиятини яхшилайди. Сувда пишириб олинган лавлагига ўсимлик мойи қўшиб тайёрланган салат иштаҳани очади.

ПОМИДОР. Қизил синор минерал ва витаминларга бой. Тез-тез касал бўладиган болаларга тавсия этилади. Ушбу сабзавот пишмайдиган мавсумда томат шарбати яхши фойда беради.

ДЕНГИЗ БАЛИҒИ. Сувлар маликаси бола организмига тўйинмаган ёғ кислоталарини етказиб беради. Улар боланинг асаб тизими ва мия фаолиятига ижобий таъсир қилади ҳамда иммунитет мустаҳкамланишига ёрдам беради. Балиқлар ичида лосос, форел, палтус, треска, скумбрия ва селдларни харид қилган маъқул. Иммунитетни кучайтириш учун педиатрлар балиқ мойини тавсия этишади. Шунингдек унда калцийни яхши ўзлаштиришда зарур бўладиган Д витамини кўп. Сўк ёрмаси. Бўтқа витаминлар ва минерал моддаларга бой. У жуда яхши хазм бўлади, овқат хазм қилиш тракти фаолиятини яхшилайди.

ОЛМА. Ушбу мева ўзининг фойдали таркибини деярли бутун қиш давомида сақлайди (февралда витаминлари қолмайди). Олма овқат хазм қилиш фаолиятини яхшилайди, ичакдаги бактериал флорани тартибга солади. Aнемия, чарчоқ, баланд ҳарорат, шамоллаш ва гриппда ҳамда касалликдан кейин қирғичдан ўтказиб ёки бўлакчалар кўринишида беринг.

ПИЁЗ ВА САРИМСОҚ. Ушбу ғаройиб сабзавотлар бактерияларни ўлдириб, организмни мустаҳкамлайдиган фитонцидларга эга. Пиёз ва саримсоқни озроқ миқдорда шўрвага қўшинг.

Ушбу маҳсулотларни мунтазам равишда истеъмол қилиш иммун тизимининг мустаҳкам бўлишига хизмат қилади. Кун давомида камида 2 литр қайнатилган ёки тозаланган минерал сув ичишни канда қилманг. Шунда сиз ҳам соғлом, ҳам руҳан тетик бўласиз. Энг муҳими, иммунитетингиз мустаҳкам ва кучли бўлади.

Машҳура РAҲМОНОВA тайёрлади.