Андижон 24

Илҳомбахш Хонобод: ТАНИҚЛИ МУСАВВИР ЖЎРА АСРАН ХОНОБОДНИ ЭҲТИЁР ЭТДИ


04.08.2020   709

Жимжимадор унвонлари бўлмаган, аммо асарлари билан дунё кезган оддий мусаввир ижодини Хонобод шаҳрида давом эттирмоқда. Андижонда туғилиб ўсган мўйқалам устаси Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтини тамомлаб, узоқ қиллар пойтахтда ижод қилди. Низомий номидаги педагогика университетида соҳа бўйича ёшларга сабоқ берди.

Истеъдодига чизгилар керак бўлса, у халқаро ва республика танловлари ғолиби. Россия, Германия, Австрия каби давлатларда шахсий кўргазмаларини ташкил этган. Асарлари санъат ихлосмандлари томонидан севиб харид қилинади.

-Аслида санъат – даромад келтирмайдиган соҳа, - дейди Жўра Асран. – Халқаро даражада шахсий кўргазма ташкил этиш учун анчагина маблағ зарур. Дейлик, 30-40 минг доллар. Ҳаражатларнинг маълум қисмини давлат, маълум қисмини ҳомийлар, маълумини ўзингиз кўтарасиз. Кўргазма давомида асарларингиз сотилган тақдирда ҳам, тушган маблағ ёнингизга қолмайди. Қоладигани шуки, Ўзбекистонда ҳам яхшигина расомлар мактаби борлигини хорижликларга билдириш. Нокамтарликка йўймасангиз, ўша кўргазмаларда каминанинг ижоди хусусида мутахассислар томонидан айтилган, ёзиб қолдирилган эътирофлар бўлди.

Рассомнинг пойтахтдан қайтганидан бери бир неча бор қовун пишиб улгурди. Дастлаб ўзига уй ва ижодхона қуриш мақсадида имконияти ва қурбига монанд манзил излади. Ниҳоят Хонободдан қўним топди. Ниятига яраша сўлим кентнинг ўзлаштирилмаган адирликларидан ер ажратилди.

-Шаҳар ҳокими Мусахон Мамадалиев ижод аҳлига эш чиқиб қолди, -дейди у. – Ёш рассмолар тўгарагини ташкил этиш шарти билан илтимосимни ерда қолдирмади. Аслида ҳам мақсадим шу эди. Президентимиз илгари сурган беш ташаббуснинг биринчисидаёшларни рассомлик санъатига қизиқтириш, истеъдодларини юзага чиқариш белгиланган.

Режалари бисёр ижодкор март ойида кўргазма ташкиллаштириб, хонободликларга ўз ниятини ошкор қилди. Йигирма чоғли ўқувчи тўгарагига аъзо бўлди.

-Табиати гўзал, одамлари содда шаҳар сокинлиги билан мафтун айлади мени, - давом эттиради Жўра Асран. - Қалбларида ўзгача бардамлик, яхшиликка интилиш руҳи сезилди. Шунга монанд равишда ўнга яқин янги асарлар битдим. “Бобо чинор”, “Ҳаёт чарҳи”, “Дугоналар” кабиларда табиат билан яқинлик, бугунги кун руҳи гавдаланади.

Коронавирус рассом режаларига ҳам таъсир қилди. Шундай бўлсада, қўшни Қирғизистонда шахсий кўргазма ташкил қилишни дилига тугиб қўйди. Нима бўлганда ҳам туризм марказига айланаётган Хонободда санъат ва маданият ўз нуфузига яраша жой эгалласа фойдадан холи бўлмайди.