ЖАМИЯТ

ИҚТИСОДИЙ «БОНУС» ТАШҚИ ОПЕРАЦИЯЛАР БИЛАН ШУҒУЛЛАНУВЧИ ТАДБИРКОРЛАРГА ҚАНДАЙ ИМКОНИЯТ БЕРМОҚДА?


29.06.2021   997

Шу йилнинг апрель ойида вилоят давлат солиқ бошқармаси Андижон туманлараро иқтисодий судига мурожаат этиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги “Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомига асосан “Global master shoes” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан 3 миллион 703 минг сўм молиявий жарима қўллаш тўғрисида ариза берган эди.

Маълум бўлишича, зикр этилаётган тадбиркорлик субъекти билан хорижий ҳамкори (Монголиядаги “Нур Алтай тур” хусусий корхонаси) ўртасида 2020 йилнинг июль ойида тузилган экспорт контракти бўйича октябрь ойига келиб 3 минг 520 АҚШ доллари миқдорида дебитор қарздорлик юзага келади. Вазирлар Маҳкамасининг юқорида тилга олинган Низоми талабларига кўра, давлат солиқ бошқармаси томонидан муддати ўтган дебитор қарздорликни бартараф этиш ёки жаримани ихтиёрий равишда тўлаб бериш юзасидан тадбиркорга талабнома юборилган. Жавобгар молиявий жаримани ихтиёрий равишда тўлашдан бош тортгач, масала судгача етиб келади.

Давлат солиқ бошқармаси томонидан “Integral finance” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан ҳам судга худди шу мазмундаги ариза келиб тушган.

Суд иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, ҳар икки аризани қаноатлантиришни рад этди.

Гап шундаки, 2021 йил 12 апрелда давлат раҳбарининг “Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Ҳужжатга кўра, 2021 йил 1 майдан бошлаб чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт қилувчилар ва “эркин муомалага чиқариш” божхона режимида товарларни республикага олиб кириш ва расмийлаштиришни, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатишни ўз вақтида таъминламаган импорт қилувчилар учун қонунчиликда белгиланган жарима миқдорлари икки бараварга камайтирилиши қайд этилган. Шунингдек, 2021 йил 1 май ҳолатига шаклланган ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилиши ва дебитор қарздорлик вужудга келиш муддатлари 2021 йил 1 майдан бошлаб янгидан ҳисобланиши белгиланган.

Маълумки, Президент қарори Вазирлар Маҳкамаси қарорига нисбатан юқорироқ юридик кучга эга. Шу боис ҳам суд мазкур ҳолатда Президент қарори нормаларини қўллаб, тадбиркорлик субъектларига жарима солишни рад этди.

Ўрни келганда айтиш жоиз, номи тилга олинган ҳужжат ижросини ташқи операциялар билан шуғулланувчи тадбиркорларга нисбатан иқтисодий амнистия, жавобгарликдан озод этиш бўйича акция деб қабул қилиш мумкин. Чунки пандемия сабаб бутун дунё қалқиб турган бир шароитда мавжуд вазият ташқи операциялар билан боғлиқ муносабатларга ҳам таъсир кўрсатганлиги бор гап. Президент қарори эса айни вазиятда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш йўлидаги навбатдаги жиддий қадамлардан бири бўлганлиги исботини топмоқда. Қолаверса, судга киритилган айрим аризаларда акс этган жарима миқдорлари катта суммаларни ташкил этмаса-да, айни маблағ кези келганда тадбиркорга қўшимча бизнес лойиҳаларни йўлга қўйиш учун қўр бўлиши шубҳасиз.

Умидахон ҚУРБОНОВА,

Андижон туманлараро иқтисодий суди судьяси