ЖАМИЯТ

ИФТИҲОР: САХОВАТПЕШАЛИК ЎЗБЕКНИНГ ҚОНИДА БОР


06.05.2020   771

Карантин кунлари Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” номли романини қайта ўқидим. Яна ўша машъум II жаҳон уруши ва у қолдирган моддий-маънавий асоратлар кўз ўнгимда гавдаланди. Асар маҳорат билан ёзилгани учун ҳам гўёки ўтган асрнинг энг мудҳиш воқеаси рўй берган давр ҳаёти ҳаёлимда гавдаланди ва унинг бутун қийинчиликларини қалбан ҳис этдим. Ғалабанинг 75 йиллиги нишонланаётганига қарамай бу жаҳаннам тафти, унинг совуқ нафаси ҳанузга қадар одамларнинг юрагидан ўчмаганлигини англашнинг ўзи қанчалар оғир.

Аммо, уруш йиллари бошқа қардош халқлар каби ўзбек миллатининг фронт ва фронт ортида кўрсатган мислсиз жасорати ўқувчида чексиз ифтихор, ғурур уйғотади. Ўша йиллари халқимиз бир ёқадан бош чиқариб, битта майизни қирқ киши бўлиб еб, сўнгги луқмасини-да жангоҳлардан эвакуация қилинган болалар ва катталарга илиниб яшаганлиги, нақадар бағрикенглиги, саҳоватпеша ва инсонпарварлигини намойиш этганлигига қойил қолмаслик мумкинми?

Бу фикрлардан мурод шуки, Ўзбекистонликлар 2020 йилда ота-оналар ва боболар анъаналарига содиқ қолиб, яна бир бор ўзларининг нималарга қодирлигини кўрсатмоқдалар. Бу ҳолат айниқса бугунги синовли кунларда янада ёрқин намоён бўлмоқда.

Мулоҳаза учун бир далил. Америка Қўшма Штатларида ҳозирга қадар пандемия туфайли 100 мингга яқин киши вафот этди. Касалликка чалинганлар сони геометрик прогрессия бўйича кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Аллоҳ ҳамиша Ўзбекистонимизни ўз паноҳида асрасин, кўз тегмасин-у, бизда беморларга нисбатан бутунлай тузалаётганлар сони тобора кўпаймоқда. Касалликдан кўз юмганлар 10 тага етди.

Қалам аҳли ҳар нарсага шубҳа билан қарайди. Зеро, донишмандлардан бири “Шабҳадан ортиқ мустаҳкам қўрғон йўқ” деб бежиз таъкидламаган. Шундай қилиб, “Ўзбекистонда пандемия ҳавф-ҳатарлари қандай қилиб жиловланаётганлиги ҳақида Коронавирусга қарши кураш комиссиясининг 1003 рақамли телефонига мурожаат қилдик. Мутахассис саволимизга қуйидагича жавоб берди:

Биринчидан, мамлакатимиз ҳудудига ушбу вирус кириб келиши билан ҳукуматимиз жиддий чора-тадбирларни амалга оширди, республика бўйлаб дарҳол карантин эълон қилинди.

Иккинчидан, ҳар бир ҳудудга малакали мутахассислар юборилиб, касалликнинг тарқалиши тезлиги назоратга олинди. Карантинда сақланаётганлар зарур дори-дармон ва тиббий ашёлар билан таъминланди.

Учинчидан, тарғибот-ташвиқот ишлари кучайтирилди. Маҳаллалар, бозорлар, аҳоли гавжум масканлар, кўчалар мунтазам дезенфекция ишлари амалга оширилди.

Тўртинчидан, ҳар бир бемор ҳаёти учун шифокорлар “Жон олиб, жон бериб” фидойилик билан курашяптилар. Шуни айтиш кифояки, ўртача оғирликдаги беморларга давлат 32 миллион сўм, ўта оғир ҳасталарга 64 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфламоқда. Ривожланган давлатлардаги аҳволдан ижтимоий тармоқлар орқали етарли даражада хабардор бўлиб турибмиз. У ерларда ўлим кўрсаткичининг кескин ортиб кетиши ҳам бевосита пандемияга қарши яхши ҳозирлик кўрмаганлиги исботидир.

Мутахассиснинг бу фикрларига қўшилиш мумкин. Негаки, давлатимизда олиб борилаётган кучли одил сиёсат, инсонпарварлик тамойили айнан шу тахликали даврда ҳам ўзининг ижобий самарасини кўрсатаётганлигидан бутун халқ хурсанд.

Боз устига, фуқаролар ҳам қараб турмаяпти. Мамлакат миқёсида юртбошимиз ташаббуси билан бошланган “Саҳоват ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини минглаб тадбиркорлар, турли касб эгалари бажонидил қўллаб-қувватладилар. Мана шу эзгулик Сирдарё ва Жиззах вилоятларида юз берган сув тошқини пайтида янада юқори даражага кўтарилди. Фожеа 1 май куни рўй бериб, 16 мингдан ортиқ аҳоли қисқа фурсатларда кўчирилган бўлса, орадан тўрт кун ўтиб, улар яна ўзларининг уйларига қайтарилдилар. Шу бир оғиз гап ортидаги оғир меҳнат, машаққат ва фидойиликни тасаввургада сиғдириш осон эмас.

Энди асосий мақсадга кўчсак. Айрим кимсалар “турли ижтимоий тармоқлар орқали ўзбек халқи шаънига тўғри келмайдиган ёлғон-яшиқ ва туҳматдан иборат иддаоларни гапириб, одамларни чалғитаётганлигини кўпчилик билади”. “Илгари меҳр-оқибат, ҳайр-саҳоват бор эди, одамлар бир-бирларига меҳрибонлик, ғамхўрлик кўрсатарди, энди бу фазилатлар анқонинг уруғига айланиб қолди” дея пашшадан фил ясайдиганлар ҳам йўқ эмас. Аммо, пандемия, Сардоба воқеалари бундай гаплар қанчалар уйдирма, ваҳима ва асоссиз эканлигини исботлади. Табиий офатдан азият чекканларга кўрсатилган моддий, тиббий, маънавий кўмакнинг кети узилмаётганлиги, бу саҳоватпешалик ташаббусида бутун аҳоли қатнашаётганлиги халқимизнинг қонида қадр-қиммат, меҳр-оқибат, қон-қариндошлик туйғулари мудом барқ ураётганлигининг амалдаги ифодасидир. Чиндан ҳам дўст бошга иш тушганда билинади. Қаҳрамонлар ҳар куни туғилавермайди. Давр, муҳит қаҳрамонларни яратади. Бугун биз яна бир бор халқимизни замонамиз қаҳрамонлари тимсолида кўриб турганлигимиздан чексиз фахрланамиз, беихтиёр шу Ватан ва миллат фарзанди эканлигидан қалбимиз миллий ифтихорга, ғурурга тўлади. Панада туриб тош отаётганларга эса, “ Ҳой инсон, сен ҳикматдан иллат эмас, кўзингни каттароқ очиб, иллатдан ҳам ҳикмат топишга ўрган, барибир дунёни яҳшилик,эзгулик, гўзаллик, саҳоват ва меҳр-оқибат безайди деймиз.

Умида АБДУЛЛАЕВА