Андижон 24

ID-КАРТАЛАР ҚАЧОН ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ?


30.11.2020   1684

2011 йилда биометрик паспортлар биринчи навбатда асосан давлат хизматчилари ва мамлакат ташқарисида бўлган ёки яшаётган шахсларга берилган бўлса, 2012 йилдан барча Ўзбекистон Республикаси фуқаролари олишни бошлаган. Биометрик маълумотларга эга паспорт 10 йил, ўн олти ёшга тўлмаган болалар учун эса 5 йил давомида амал қилади.

2019 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда хорижга чиқиш учун биометрик паспортларни берилиши бошланди. Икки йил муддатга берилган рухсат берувчи стикерлар атрофидаги вазиятни анча соддалаштирди.

Энди ID-карталар жорий этилади. Мамлакатимизмустақилликка эришгач, ушбу тартиб фуқаронинг шахсини тасдиқловчи расмий ҳужжатни алмаштиришнинг учинчи босқичи бўлади. Халқаро амалиёт шуни кўрсатадики, кўп функцияли ID-карталар бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида қўлланилиб келинмоқда. Тараққий этаётган дунёда ID-карталарга ўтиш шахс ҳақида маълумотларни бир воситада сақланиши хавфсизлик нуқтаи назаридан зарур чора ҳисобланади.

Идентификацион карталар - бу шахсийлаштирилган маълумотларни ўз ичига олган барча пластик карталардир: электрон рухсатнома, банк картаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси.

Фуқароларнинг шахсий идентификацион маълумотлари: фотосурат, шахсий ва биометрик параметрларли маълумотларини ўз ичига олган ID-карталарни биринчи бўлиб жорий қилиб, расмийлаштиришни бошланган давлат бу - Малайзиядир.

Малайзияда 2001 йил сентябрь ойида MSC Malaysia дастури доирасида смарт-карталардан фойдаланиш бўйича лойиҳа бошланганди. Малайзияда 12 ёшдан ошган ҳар бир фуқарога шахсни тасдиқловчи ҳужжат берилади, бу нафақат шахсни ва фуқаролигини тасдиқловчи гувоҳнома, балки ҳайдовчилик гувоҳномаси, банк пластик картаси, очиқ калит, электрон ҳамён бўлиб ҳам хизмат қилди.

Ўзбекистон республикаси фуқаролари ўзларига шахсини ҳамда фуқаролигини тасдиқлайдиган ID-карталарни қандай тартибида ва қаердан олиши мумкин?

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 сентябрдаги“Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Ушбу Фармонга биноан, 2021 йил 1 январдан бошлаб шахсни рақамли идентификация қилишнинг ягона тизими жорий қилинишига киришилади.Унга кўра, биометрик паспортлар ўрнига Ўзбекистон фуқаросининг шахсини ва фуқаролигини тасдиқлайдиган электрон ташувчи қурилмага эга (чип) ҳужжатсифатида ID-карталар жорий этилиши кўзда тутилмоқда.

ID-карта нима учун керак?

Фуқароларни рақамли идентификация қилиш вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан ўзаро алоқада шахсни тезкор аниқлаш имконини беради. Аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш хизматлари ишини сезиларли даражада осонлаштиради ва оптималлаштиради. Шуни таъкидлаш керакки, ID-карталар чипида қайд этилган маълумотларнинг махфийлиги алоҳида хизматларга тааллуқли бўлган ва рухсат этилган даражада қатъиян чекланган. Масалан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари айрим маълумотларни кўра олишса, тиббий ёки ижтимоий хизматларда эса бошқаларини кўради.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан, эгаси ҳақидаги барча маълумотлар шифрланган ва картага юклаб олинган иловаларни ҳеч ким ўқий олмайди. +оида бўйича, ID-картани ишлатишда авторизация қилиш ва операцияни тасдиқлаш учун индивидуал ПИН-кодлар шаклида икки даражали хавфсизлик тизими қўлланилади.

Эслатиб ўтамиз. ID-карталар 2021 йилдан бошлаб 2011 йилги намунадаги биометрик паспортлар ўрнига жорий этилади. Бунда биометрик паспорт тизимининг амалдаги инфратузилмасидан фойдаланилади.

Биометрик паспортлар ҳамда яшаш гувоҳномалари ID-карталарга қуйидаги муддатларда алмаштирилади:

1. Биринчи босқич - 2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабргача ихтиёрийлик асосида (16 ёшга тўлганда ёки қонунчиликда кўрсатилган бошқа сабабларга кўра);

2. Иккинчи босқич - 2023 йил 1 январдан 2029 йил 31 декабргача мажбурий тартибда алмаштирилади.

Фуқаролар ID-карталарни олиш ва алмаштириш учун хоҳлаган ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига мурожаат қилишлари мумкин.

Биометрик паспортларни расмийлаштириш муддати 10 иш куни бўлган эди. ID-карталар ҳужжатлар қабул қилиб олингандан сўнг 1 (бир) иш куни мобайнида расмийлаштириб берилади. Ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар ва ногиронлиги бўлган шахсларга - 15 кун муддатда уларнинг яшаш манзилида карта расмийлаштирилади ва кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмайди.

ID-карталар қуйидаги муддатларга берилади:

янги туғилган болага бир ёшгача – 2 йил муддатга;

бир ёшдан 16 ёшгача – 5 йил муддатга;

16 ёшдан бошлаб – 10 йил муддатга.

ID-картани расмийлаштириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 89 фоизи, яъни 198 минг 470 сўм (22.09.2020 ҳолатига) миқдорида тўлов ундирилади.

ID-картани олиш ва алмаштириш юзасидан тегишли идораларга мурожаат қилиш мумкин: Ўзбекистон Республикаси фуқаролари - ўз ихтиёрига кўра хоҳлаган ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига (олиш ва алмаштириш учун) ёки давлат хизматлари марказларига (алмаштириш учун);

мамлакатда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар - доимий яшаш жойи бў-йича рўйхатга олинган манзилдаги МваФР бўлинмасига –олиш учун, ва ўз ихтиёрига кўра хоҳлаган бундай бўлинмаларга - алмаштириш учун.

Шунингдек, таъкидлаб ўтамизки, ID-картасининг бланкасида эгасининг миллати ҳақидаги маълумотлар кўрсатилмасдан чипига киритилади; ID-картасини олиш ёки алмаштириш юзасидан ўз вақтида мурожаат қилмаган, яроқсиз ҳолга келтирган ва йўқотиб қўйган тақдирда фуқаролар жаримага тортилмайди. Бундан ташқари, ID-карталари боланинг туғилиши ФҲДЁ органи томонидан қайд этилиб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома тақдим қилинганидан сўнг ота-онаси, васийлари (ҳомийлари) ихтиёрига кўра расмийлаштирилиши мумкин. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома эса ID-картасини олиш учун мурожаат этилганда ФҲДЁнинг ягона электрон архиви ор-қали олинади.

Такрор эслатиб ўтамиз. Биометрик паспортлари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахс ва чет давлат фуқароларининг яшаш гувоҳномаларини ID-карталарига алмаштириш икки босқичда амалга оширилади. Яъни амалдаги биометрик паспорт ва Ўзбекистон республикасида паспорт тизими тўғрисидаги Низом 2030 йил 31 декабргача ҳақиқийдир. 2011 йилги намунадаги биометрик паспортлар 2031 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Жаҳонгир ИСМАИЛОВ,

вилоят ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари.