Андижон 24

ХЎЖАОБОДЛИК АЁЛ СУД ИДОРАСИ ХОДИМЛАРИДАН НЕГА НОРОЗИ БЎЛДИ?


28.03.2019   2006

Хўжаобод туманида ташкил этилган сайёр қабулда вилоятдаги мавжуд суд раислари ва Ўзбекистон Республикаси Олий суд вакиллари иштирок этдилар. Унга нафақат, тумандан, балки, қўшни вилоятлардан ҳам мурожаат қилувчилар ташриф буюришди.

Булоқбоши туманининг Ширмонбулоқ қишлоғида яшовчи Азизбек Бектошев олий маълумотли. 2012 йилдан 2016 йилга қадар божхона соҳасида фаолият юритган. Сўнгги икки йиллик хизмат фаолиятини Наманган вилояти божхона тизимида ўтаган.


-Ҳеч бир сабабсиз ишдан бўшатилганман,-дейди Азизбек Бектошев. –Иш топилар экан, аммо адолатсизлик кишини енгиб қўяр экан. Менга нисбатан қўлланилган ноҳақликка ечим излаб келдим.

Хўжаобод туманининг Ордай қишлоғида истиқомат қилувчи Ҳурматой Насирдинованинг ёлғиз ўғли автомашина ҳодисасида ҳалок бўлган.

-Ушбу воқеа билан боғлиқ ҳаракатлар Фарғона вилоятининг жиноят ишлари бўйиа Водил туман судида кўриб чиқилди. Бироқ жабрланувчи сифатида оиламиздан ҳеч ким таклиф этилмади. Мутасаддиларга учрашсам, менга қўпол муомалада бўлишди ва менсиз ҳам суд муҳокама қилиши мумкинлигини айтишди. Додимни эшитадиган ҳеч ким йўқ. Ўғлимни қайтариб бўлмайди. Машина ҳайдовчисини ҳам айбламайман. У ҳам ҳалокат содир этай, деб йўлга чиқмайди, ахир. Бироқ, суд маҳкамаси ходимларининг ҳурматсизларча муносабатига бархам бериш керак. Мени адолатсизлик қийнаяпти.

Мурожаат қилувчиларнинг аксарият муаммолари жойида ечим топаётган бўлса вақт билан боғлиқ масалалар юзасидан назорат ўрнатилмоқда. Сайёр қабуллар давом этяпти.

Кези келганда айтиш жоизки, ўтган йили биргина Халқ қабулхонасининг вилоят бўлими орқали 128 мингта мурожаатлар ўрганиб чиқилган бўлиб, шулардан 106 мингтаси ижобий ечим топди.

Комроншоҳ РАСУЛОВ

Вилоят суди ката ёрдамчиси.