Андижон 24

ХОНОБОДДА ТУРИЗМ ШАҲАРЧАСИ БУНЁД ЭТИЛМОҚДА


20.07.2019   2951

ХОНОБОД (auz.uz). – Хонобод шаҳридаги Хонтоғ қир-адирликларинг 30 гектар қисмида ички ва ташқи туризмни ривожлантириш мақсадида ҳудудга келиб дам олувчилар учун хизмат қилувчи туризм шаҳарчаси бунёд этилмоқда. Бу ҳақда auz.uz сайтининг мобиль мухбири, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи шаҳар кенгаши ходими Бегзодбек Жабаралиев хабар бермоқда.

Қурилиш штабининг маълум қилишича, қурилиш ишлари давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 16-17 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи давомида Хонобод шаҳрида бўлиб, табиати бетакрор бу масканни сайёҳлик марказига айлантириш бўйича берган кўрсатмаларига асосан амалга оширилмоқда. Лойиҳага асосан, шаҳарчада дам олиш учун зарур бўлган 1000 дан ортиқ дала ҳовлилар, очиқ ва ёпиқ сув ҳавзалари, миллий чойхона ва замонавий ресторанлар, спорт майдонлари қуриб битказилади.

Айни пайтда бунёдкорлик ишлари билан бирга ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида, электр энергияси, ичимлик суви, табиий газ трубаларини тортиш ва бошқа шаҳарча инфратузилмасини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шаҳар ҳокими Мусахон Мамадалиевнинг айтишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган турли асоссиз хабарлар эшитиб ҳайрон қолганини билдирди. Шунингдек, хабарларда айтилганидек, бинолар кам таъминланган оилалар ёки имконияти чекланган шахслар учун эмас, аксинча, дала ҳовлилар 2 сотихдан иборат бўлиб, корхона, ташкилотлар ёки аҳоли вакилларига дам олиш кунлари келиб, ҳордик чиқаришлари учун қурилаётганлигини қайд этди.

- Аввалига режалаштирилган сондаги ҳовлиларни қандай қилиб қурамиз, кимларга берамиз деб ўйландик, - дейди ҳоким. – Ишонасизми, дача учун ер ажратмасангиз, бўлмайди, деяётганларнинг сони ортса ортмоқда, камаймаяпти. Улардан сабабини сўрасак, ҳудудни ҳавоси ёқаётганлигини айтишмоқда. Бу кетишда Хонобод ҳақиқий туристик зонага айланишига яна бир бор ишонч ҳосил қилмоқдаман!

- Хонободнинг ҳавоси хавасингизни келтиради, - дейди «Миразиз» масъулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Бобур Рустамов.- Доимий қурилиш ишлари билан банд бўлганимиз учун гохида бўшаганимизда бирор сўлим жойга бориб, у ерда мароқли ҳордиқ чиқаришни орзу қилардик. Бормоқчи бўлган жойларимиз анча олисда бўлгани учун эринчоқлигимиз тутиб кетарди. Шуларни ҳисобга олиб, шу ердан ўз истагимиз билан жой олдик. Энди келгусида ишчиларимиз толиққанда шу ерга келиб дам олиб кетишлари мумкин бўлади.

Маълумотларга кўра, яқин кунларда Хонтоғнинг яна 55-60 гектар қисмида инвестиция дастури доирасида европа андозалари асосида 1000 та замонавий дачаларни бунёд этиш ишлари бошланади. Уларни масъулияти чекланган жамият шаклидаги “СТС Андижон” Ўзбекистон-Озарбайжон қўшма корхонаси бинокорлари қуради.

- Андижонга аслида бир қатор инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун келгандим, - дейди “СТС Холдинг Баку” лойиҳаси директори Аббос Ниязов. – Компаниямиз ҳамкори бўлган Ойбек Абдуғофуров вилоятнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштиришни таклиф қилди ва биз Хонободга келдик. Бу ердага жозибадорликни ва туристик манзил эканлигини кўриб, туристлар учун ҳамма қулайликларга эга меҳмонхоналар, яшаш жойлари ва бошқа иншоотла янги ғоя пайдо бўлди. Вилоят раҳбарига мурожаат қилиб, лойиҳамизни кўрсатганимизда, у қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Ҳозирда бошланғич ишлар олиб борилмоқда.