Бугуннинг гапи

ФИРИБГАРЛИК: РЕКТОРНИНГ «ОДАМИ» ЎҚИШГА ЖОЙЛАЙДИ...МИ?


06.11.2019   196

Суднинг “қора курси”сида ўтирган аёлни маҳалладошлари қаттиқ ҳурмат қиларди. Олийгоҳда ишлагани сабаб қўшнилар билан муомаласи жойида, улар учун доим ёрдамга тайёр эканлигини такрорларди. Айниқса, фарзандларини ўқитиш истагидаги ота-оналар билан салом-алиги бошқача эди.

Нима бўлди-ю шайтон уни йўлдан адаштирди. Маҳаллада гап тарқади: Гуллола Миралиева (исм ва фамилялар ўзгартирилган) бировдан пул олаётганда ушланибди. Аввалига маҳалладошлар адашмовчиликдир, Гуллола ундай аёл эмас, деди бир бирларига. Бироқ жамоатчилик вакиллари сифатида суд ишида қатнашган қўшнилар хайратдан ёқа ушладилар. Шундай хушмуомала, маданиятли ва зиёли аёл деб билганлари жиноятчи бўлиб чиқди.

Ҳаммаси Андижон давлат университетига ўқишга кириш истагидаги Н.К.нинг 2018 йилда топширган хужжатларини қайтариб олиш учун олийгоҳ архивига кириб боришидан бошланди. Унинг ўқишга қаттиқ қизиқаётгани, бироқ аввалги йили омади келмагани сабаб иккиланиб турганини кўрган Г.Миралиева ташаббусни қўлига олади. Ўзини ишбилги, ректорнинг ишончли одами сифатида кўрсатади.

Н.К. ўзига суянч топгандек, хурсанд бўлиб ўтган йили бир ўқитувчига ўқишга киритиб қўйиш учун 5 000 АҚШ доллари бергани, бироқ халигача пулини қайтариб бермаганини айтади. Гап орасида икки дугонаси ҳам ўқиш истагида эканлигини билдиради.

Г.Миралиева фурсатни бой бермай унихизмат хонасига бошлайди.

-Агар бу тўғрида бировга оғиз очмасаларинг, ўзим ёрдам бераман, ўтган йили ҳам ректор орқали бир неча абитуриентларни ўқишга киритганман,-дейди товламачи.

Иши осон кўчаётганидан хурсанд бўлган Н.К ва унинг дугоналари С.О. ва А.И. лар унга ишонади. Эвазига нима қиламиз, дея савол назари билан қараганларида фирибгар янада дадил қадам ташлайди.

- Ҳар бирингиз олдиндан 4000 АҚШ долларидан олиб келасизлар, қолгани мени ишим. Шу билан сизлар талаба бўласизлар,-дея гапни қисқа қилади Г.Миралиева.

Ўзаро келишувга кўра, 2019 йил 4 июлъ куни айтилган пуллар фирибгарнинг ҳамёнидан жой олади. Бели оғримай шунча пул топганидан хурсанд жиноятчи алдовнинг умри қисқа эканлигини унутди чоғи. Ҳуқуқ тартибот ходимлари далилий ашё сифатида 1200 АҚШ доллари билан қўлга олгандагина кўзи очилди. Бироқ энди кеч бўлганди.

Судланувчига жазо тайинлашда содир этган жиноятларининг хусусиятлари ва ижтимоий хавфлилик даражасига кўра оғир жиноят туркумига кириши, айбига иқрор бўлгани, пушаймонлиги ва бир нафар фарзанди борлиги инобатга олинди. Шундай бўлсада ҳар қандай жиноятга жазо муқаррар. ЖКнинг 168-модда 3-қисмининг “а” банди билан аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси. ЖКнинг45- моддасини қўллаб, қўшимча жазо тариқасида муайян ҳуқуқдан, Олий таълим муассасаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Шу жойда савол туғилади: жиноятнинг юзага келишига ким сабабчи? Фирибгарликни ўзига касб қилиб олиб, ректорнинг “одами”га айланган жиноятчими ёки унга йўл очиб бериб, охир оқибат алданган абитуриентларми? Агар Н.К ва унинг дугоналари ҳамма қатори синовларга тайёргарлик кўрганида бугун бир аёлнинг юзи ерга қарамасмиди. Уларнинг ота-оналаричи? Наҳот фарзандларининг келажагини пул билан ўлчасалар. Ахир ҳаётини алдов билан бошлаётган ёшлардан эртага нимани кутиш мумкин? Бу саволларни ҳар биримиз ўзимизга бериб кўрайлик. Шунда жиноятга ўрин қолмайди.

Абдухаким ТЎРАЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Андижон туман судининг раиси.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Журналист.