ЖАМИЯТ

ЭСТРАДАМИЗ ЭРТАСИ УЧУН ИБРАТ МАКТАБИ


15.05.2021   4055

Ўзбек эстрада ижрочилик санъатининг жаҳон миқёсида муносиб ва бетакрор ўрин эгаллашида Ботир Зокировнинг улкан ҳиссаси бор. Ижодкор биринчилар қаторида эстрада қўшиқларининг миллий қиёфасини яратишда ўзининг бетакрор йўлини инкишоф қилишга интилади. Йиллар давомида хонанда репертуарида ҳинд, эрон, озарбайжон, араб, афғон, тожик тилларидаги қўшиқлар кўпайиб борар экан, уларни талқин қилиш борасида миллий эстраданинг қиёфаси, ижро услуби ҳақида бош қотиради.

Ўз вақтида хонанданинг ижро услуби ҳақида мусиқашунос ­Г.Амбарцумова қуйидаги сатрларни ёзган эди: “Хонанда, энг аввало, қўшиқни тўғри талқин этиб, ундаги пинҳон теран ҳиссиёт мазмунини тингловчиларга етказиб бериш маҳоратига эга. Ботир Зокиров буни бирор ортиқча имо-ишорасиз, зоҳиран тежамкор ҳиссиёт ва камтарингина саҳна ҳаракатлари орқали, ягона интонацион тўлқинда қўшиқни театрлаштира олган”. Дарҳақиқат, хонанда репертуаридан ўрин олган ҳар бир қўшиқ қалбан ҳис этилиб, дардли овоз орқали самимий ва ёрқин ифодасини топган.

Ботир Зокиров билан ижод жараёнида бевосита мулоқотда бўлган бир қатор композиторлар, хусусан, И.Акбаров ва Э.Солиҳов хонанданинг ижро этган қўшиқлари устида қай даражада заҳмат билан ишлагани ҳақида бир неча бор таъкидлаб ўтади.

Қўшиқ туғилишидан тортиб, то томошабинга тақдим этилишига қадар, грампластинка ёки магнит тасмасига ёзиб олингач, унинг талқини бўйича шахсий таҳлил жараёни давом эттирилиб, қиёмига етказиш учун қилинган ҳаракатлар, ўй-фикрлар хонанданинг кундаликларида ҳам муҳрланиб қолган: “Мана, яна Москвада ­Икром Акбаровнинг иккита қўшиғини ёзяпмиз. Бири — мен учун Туроб Тўла шеърига ёзилган, бироқ бошқа хонанда томонидан ижро этилган эски қўшиқ, иккинчиси эса қоғоз гул ҳақидаги қўшиқдир. У жуда оддий ва уни тезда ёзиб олдик. Биринчисини эса ёзишга ботина олмадим. Икром билан кундузи бўлиб ўтган репетицияда бир даҳшатли нарсани тушундим.

Қўшиқни эсдан чиқараёзибман, яъни унинг нафосатини ҳис эта олмадим, уни сеза олмадим. У қачонлардир бўлганидек мени ҳаяжонлантириб, кўнглимни ундамаяпти. Қандай қилиб буни қайтариш мумкин? Уни ёзиш зарур. Лекин дастурдан ўрин олгани учунгина эмас, балки кўп нарсалар у билан боғлиқлиги учун. Қўшиқни қайтадан тиклаб, унга янги ҳаёт бахш этиш зарур. У орқали гўё ижодим тўсқинликларини енгганим каби қайтадан туғилиб, ўраб турган гумон ва ваҳималардан қутулгач, ўз-ўзимга ишонч ҳосил қиламан...

Қўшиқнинг репетицияси яхши ўтмади. Ёзиш зарур. Жуда қўрқиб, асабийлашяпман. Қўшиқни қандай айтиш лозим? Ҳар бир товуш, куй жумласини тинглаб, шундаймикан, деб бош қотираман. Атрофдаги барча нарсалар, муҳими эса шахсан ўзим қўшиққа халақит бердим. Қўшиқ фақат сеники бўлиши учун нима қилиш зарур? Ижроимдан қониқмаган ҳолда, одамлар учун муҳим ва керакли иш қилаётганимни идрок этиш учун нима қилиш лозим? Қўшиқ қандай бўлиши ­керак?”.

1966 йили Москва “мюзик-холл”и билан Парижга қилган ижодий сафари хонанда учун ёрқин хотираларга айланди. У Парижнинг жаҳонга машҳур “Олимпия” эстрада театри саҳнасида қўшиқлар ижро этиб, катта шуҳрат қозонди.

Франциядаги гастролларда эса нозиктаъб французларни ўзбек, рус, араб, эрон ашулалари қаторида франциялик машҳур композиторлар қўшиқлари билан ҳам мафтун этди. Францияликлар Б.Зокировни “ўзбек шансоньеси” деб атагани бежиз эмас.

Ботир Зокиров ижро услуби, аввало, юксак дид ва бадиий маданияти билан фарқланиб, талқин нуқтаи назаридан тингловчилар эътиборини ўзига қаратади. Хусусан, бу жиҳат ижро жараёнида асардаги талайгина мусиқий воситаларни ўз ўрнида ишлата билиш маҳоратида ҳам кўзга ташланади. Булар — нафас олиш, ритмик агогика, мазмуний акцентлар, садолантириш ва тўлқинлаштириш, паузалар, тембр бўёқлари каби ифода воситаларини танлаб ишлатишида яққол кўринади. Хонанда талқинида нозик ва майин садолар овозни сайқаллаштириш, юргизиш усули, қолаверса, тембр эффектларидан моҳирона фойдаланиш орқали куйга садовий рангинлик хусусиятини бахш этади. Қўшиқларнинг дастлабки жумлалари куйчан-лирик тараннум этилса, якуний қисмлар мафтункор тарзда ижро этилади. Ботир Зокиров қўшиқнинг ҳар бир ибораси, интонацияси ва катта тузилмаларига ўзгача бадиий сайқал беради.

Композитор Икром Акбаров таъкидлаганди: “Ботир Зокиров бўлмаганида, менинг “Раъно”, “Газли”, “Ёр, кел”, “Маҳбубга” каби қўшиқларим ҳам бўлмасди. Унинг дилбар хониши орқали ҳар бир қўшиқ ўзгача бўлиб қолди. Унинг вафотидан сўнг мен бошқа қўшиқ ёзмадим. Чунки унингдек маҳоратли ижрочи, қўшиқ маромига етмагунича ишлашдан чарчамайдиган хонандани бошқа учратмадим”.

Композитор томонидан симфоник оркестр учун қайта ишланган “Эй, сарбон” афғон қўшиғини Ботир Зокиров иккинчи оғир операциядан сўнг ижро этиб, овоз тасмасига туширган:

Эй сарбон, оҳиста юр,

оромижоним борадур,

Тандан дилу жоним олиб,

ул дилистоним борадур.

Қолурму мен олис бўлиб,

бечораю маъюс бўлиб,

Қалбим фироқ тиғи тилиб,

то устихоним борадур.

Эй сарбон, оҳиста юр,

оромижоним борадур ...

Ушбу қўшиқ кўплаб таниқли хонандалар репертуаридан ўрин олган бўлса-да, Ботир Зокиров ижросида янгича йўналиш, ўзгача талқинда тараннум этилган. Сарбоннинг оҳиста тебраниб кетаётган ҳаракати оркестрда ритм гуруҳининг ўзгача усул-суръати орқали ифодаланади ва асар характерига ўз таъсирини ўтказади. Фиғон, ҳижрон дардни акс эттирувчи ғамгин ва маъюс оҳанглар хонанда ижросида ёруғ, кўтаринки кайфиятда хиргойи қилинган. Унинг майин, ширали ва жозибадор овозидаги тембр бўёқларида отаси Карим Зокиров овозининг баъзи жиҳатларига монандликни илғаб олишимиз мумкин. Ушбу асар хонанданинг “Олтин фонди”дан ўрин олиб, бетакрор, мафтункор қўшиқлар сарасига айланди.

Ботир Зокиров Ўзбекистон эстрада-симфоник оркестри билан ишлаган пайтида нафақат эстрада жанридаги асарлар, балки таниқли ўзбек композиторлари қаламига мансуб мумтоз қўшиқ ва романсларни ҳам маромига етказиб куйлаган. Мутал Бурҳоновнинг “Мафтун бўлдим” (номдош фильмдаги) қўшиғи ва “Намедонам, чи ном дорад” романси, Сайфи Жалилнинг “Мажнун монологи”, “Кечалар юлдуз санаб” вокал асарлари шулар жумласидандир.

Хонанда репертуаридан ўрин олган турли халқлар қўшиқларининг аксарият қисми оригинал (ҳинд, эрон, тожик, араб, украин, италян, югослав, рус, француз) тилларда ижро этилган. Буларнинг барчаси Ботир Зокиров талқинларининг ҳақиқатан байналмилал моҳиятидан далолат бериб, хонанданинг нафақат Ўзбекистон, балки умумжаҳон мусиқа маданиятида тутган мавқеини аниқ белгилайди.

Хонанда ижро услубини такомиллаштириш, чуқурлаштириш ва оригиналлаштириш борасида ҳамиша изланишда бўлган. Хусусан, Ўзбекистон эстрада жанрида илк бор вокал квартетини ташкил қилиш ҳақида унинг кундаликларида қуйидаги қайдларни учратамиз: “Яна бир муваффақият! Бугунги кун эстрада қўшиғини бойитишда илк бор ўзбек қўшиғини вокал квартети ижро этди. Бу биринчи квартет қўшиғини биз яратдик. Бу, эҳтимол, ўзбек эстрадасида янги жанрни ўзлаштиришда кичик қадамдир. Ахир, катта дарёлар ҳам кичик ирмоқлардан бошланади-ку!”.

Демак, ҳеч бир муболағасиз таъкидлаш зарурки, Ботир Зокиров ўзига хос ижро услуби ва маҳорати билан ўзбек эстрада қўшиқчилик мактабига асос солди. Бугун замонавий ўзбек мусиқий эстрадасида ранг-баранг йўналиш ва услублар мавжудлигига қарамай, Ботир Зокировдек буюк санъаткорнинг бу соҳадаги дастлабки ютуқлари, мусиқий ижро ва талқин борасида ўз олдига қўйган юқори талаблари ёш эстрада ижодкорлари учун ибрат мактабига айланиб, уларнинг профессионаллигига хизмат қилади.

Гулшаной ТУРСУНОВА,

Ўзбекистон давлат консерваторияси доценти,

санъатшунослик фанлари номзоди