Андижон 24

Экспорт – иқтисодий тараққиёт асоси


04.04.2018   1686

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси депутатлик гуруҳида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдужаббор Эгамбердиев «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижросини назорат таҳлил тарзида ўрганиш ва унинг натижалари бўйича ҳисоботи тингланди.

Амалдаги Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида тадбиркорликни ривожлантириш, унинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш иқтисодий соҳадаги ислоҳотларнинг асосини ташкил этмоқда. Буни вилоятимизда ишлаб чиқарилаётган ялпи ички маҳсулотнинг 72, саноатнинг 34,4 ва қишлоқ хўжалигида 99,7 фоизи кичик бизнес субъекталарига тўғри келаётганида ҳам кўриш мумкин. Умумий иқтисодиётда иш билан банд бўлган 1 миллион 319 минг нафар ишловчиларнинг 84,5 фоизи айнан уларда эканлиги ҳам эътиборли.

Бугунги кунда вилоятимизда 20 минг 677 та кичик бизнес субъектлари фаолият кўрсатмоқда. Албатта соҳага бўлган эътибор уларнинг сафини кенгайишига хизмат қиляпти. Биргина йилнинг ўтган биринчи чорагида 643 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилди.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш вилоят прокуратурасида тузилган ишчи гуруҳнинг асосий вазифасига айланди. Айни вақтда қонунбузилиш холатларининг олди олинмоқда. Шу йилнинг январь-февраль ойларида 19 та тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатилди. Натижада 13 тасининг фаолияти қайта тикланди ва 6 та янги ташкил этилди.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига давлат аралашувини қисқартириш олдимиздаги муҳим вазифалардан бири.

Шундан келиб чиқиб, 2016 йилда 21 та назорат органлари томонидан 830 та текширишлар ўтказилган бўлса, 2017 йилда бу рақам 455 тани ташкил этди ёки 45 фоизга камайди. Жорий йилнинг ўтган даврида умуман текширишлар кузатилмади. 77 та корхоналарда текширишлар ўрнига камерал назорат ўтказилиши ҳисобига 1,1 миллиард сўм миқдорида камчиликлар аниқланиб, талабномалар жўнатилди.

Молиявий кўмак ривожланиш ва янги марраларга бошлайди. Шу мақсадда тижорат банклари томонидан 3 минг 31 та субъектларга 502 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарини яратиш ҳисобига 24 та лойиҳалар ишга туширилиб, 65 миллиард сўм миқдорида инвестициялар ўзлаштирилди. Бу 1 минг 48 та янги иш ўринлари яратилишига йўл очди.

Шу ўринда солиқ тизимида амалга оширилаётган ислохотларни алоҳида эътироф этиш ўринли. Жорий йилда 1 минг 471 та микрофирма ва кичик корхоналарга 21 миллиард сўм миқдорида солиқ имтиёзлари берилиб, қўшимча маблағ корхоналар ихтиёрида қолдирилди. Бу маблағлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва модернинизация қилиш, технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш ҳамда хом-ашё ва материаллар ҳарид қилишга йўналтирилмоқда. Биргина Марҳамат туманидаги трикотаж махсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Аббос меърос текстиль" МЧЖ жорий йилда мазкур қарор асосида 243 миллион сўм миқдорида солиқ имтиёзидан фойдаланди. Иқтисод қилинган маблағлар ҳисобига ишлаб чиқариш кенгайтирилди ва қўшимча иш ўринлари яратилди.

Маҳаллийлаштириш иқтисодий соҳадаги ислохотларнинг бош мақсади. Шу сабаб бу борада амалга оширилаётган ишлар қўллаб-қувватланмоқда. Маҳаллийлаштириш ҳисобига 19 та корхонанинг 32 та лойиҳаси асосида ўтган 3 ойда 10 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, импорт 1,2 миллион АҚШ доллари миқдорида қисқартирилди.

Жорий йилнинг 27 февраль куни Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган селектор йиғилишида берилган топшириққа асосан "GM Uzbekistan" АЖ томонидан импорт қилинаётган товарларни қисқартириш чоралари кўрилмоқда. Қисқа вақтда 36 та корхона томонидан 643 та турдаги бутловчи ва эҳтиёт қисмларни маҳаллийлаштириш ишлари бошланди.

Бугунги кунда экспорт фаолияти билан шуғулланаётган 150 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари мавжуд бўлиб, ўтган давр мобайнида улар томонидан 20 миллион АҚШ долларилик маҳсулотлар экспорт қилинди. Аҳамиятлиси, ана шу корхоналарнинг 51 таси экспорт фаолиятига янги жалб қилинганига қарамай 5 миллион АҚШ долларилик маҳсулотлари жаҳон бозорида ўз харидорини топди.

Экспорт географиясини кенгайтириш ва ташқи бозорда маҳсулотларимизнинг рақобатдошлигини ошириш эвазига "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган!" ёрлиғи остидаги маҳсулотларимиз 15 та хорижий давлатлардаги буюртмачиларга етказиб бериляпти. Жумладан, Хитой, АҚШ, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон, Ҳиндистон ва Исроил давлатларидаги ҳамкорларимиз сафи кенгайиб бормоқда. Биргина Шаҳрихон туманидаги "Мелехтекс" МЧЖ да тайёрланган 7,8 минг АҚШ долларилик илк бор жўнатилган трикотаж буюмлари юқори баҳолангани фикримиз далилидир.

Депутатлик гуруҳи аъзолари, тадбиркорлар, давлат хизматлари марказлари, банк, солиқ ва бошқа тизимлар вакиллари иштирокидаги эшитув йиғилишида ишбилармонлик муҳитининг ишончли ҳимоясига қаратилган меъёрий ҳужжатлар юзасидан ҳам тушунтиришлар берилди.

Рустамжон Эшонов олган суратлар.