Андижон 24

ЭКОЛОГИК МУАММОЛАР ЮЗАГА КЕЛИШИГА ЭКОЛОГИЯ БОШҚАРМАСИ БОШ ҚЎШЯПТИМИ?


05.02.2020   3542

Андижонда давлат рўйхатига олинган нечта дарахт бор?

Кейинги йилларда ҳудуддаги узоқ йиллик чинорлар аёвсиз кесилиб, вилоят марказида соя-салқин тобора камайиб бораётганлигига экологияга масъул мутасаддилар нега томошабин бўлиб ўтиришибди?

Андижон тумани адирликларидаги ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳудуд аҳлига, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига жиддий зиён етказаётганлиги хусусида маҳаллий аҳоли бетўхтов мурожаат қилмоқда. Эътирозга сабаб бўлаётган заводларни ишга туширишга бошқарма мутахассислари нима учун хулоса беришган?

Кейинги пайтда экологик муаммолар билан боғлиқ ўнлаб саволлар тўпланиб қолгандики, шу маънода Андижон вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжумани айни муддао бўлди.

Тадбирда тан олиб айтилганидек, бугун туман марказларидаги азим чинорларнинг нари борса ўндан бири қолди. Вилоятда давлат рўйхатига олинган бор-йўғи 8 туп чинор бор. Андижон шаҳридаги аҳвол ҳудудлардан ортса ортадики, асло кам эмас – қарийб барчаси таг-томири билан кесиб юборилди. Биргина мисол: меҳнат фахрийси Маҳмуджон ота Ҳожиматов Навоий шоҳкўчасининг бир томонида етти-саккиз йил аввал нақ 540 туп чинор санаганини айтади. Кўп қаватли уйлар атрофида ҳам ўнлаб дарахтлар бор эди, бугун уларнинг саноғини билиш учун бармоқлар ортиб қолади. Ҳолатдан келиб чиқилса, савол ҳамон кўндаланг: чинорлар нега кесилди?

Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Ҳокимжон Максумовнинг таъкидлашича, кўп қаватли уйларни таъмирлаш чоғида аксар чинорларни кесишга мажбур бўлинган. Нега? “Чунки дарахтлар кўп қаватли уйларга яқин жойлаштирилганлиги сабаб вақт сайин томирлари пиёдалар йўлакчаларини қўпориб юбориш ҳоллари кузатила бошлади, – дейди Ҳокимжон Максумов. – Қаерда намлик бўлса, чинор илдизи айни шу нуқталарга қадар томир отиб боради. Бу – ер остида жойлашган коммуникация тармоқларини ишдан чиқаришга ҳам сабаб бўлди. Чинорлар кесилишининг асосий омилларидан бири шу. Туман марказларида эса йўлларни кенгайтириш ҳисобига кўп дарахтларни бой беришга тўғри келди”.

Мутасаддиларнинг қайд этишича, айрим ҳолларда уларни сақлаб қолиш борасида вилоят бошқармаси ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ўртасида жиддий, баҳсли вазиятлар ҳам юзага келган. Хусусан, Балиқчи туманида.

Бошқарма бошлиғи Музаффар Маматовга кўра, Балиқчи тумани марказидаги чинорларни кесишга рухсат бериш масаласида наинки вилоят, ҳатто Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасигача мурожаатлар келиб тушган, қўмита ҳамда вилоят ҳокимлиги аралашуви билангина сақлаб қолишга эришилган.

Биласиз, чинор – қимматбаҳо дарахт, яъни доимо харидори нақ. Демак, уни кесишга ишқибозларда ҳудуд ободлигидан кўра, иқтисодий манфаат илинжи кўпроқ тош босиши турган гап. Айтайлик, Балиқчи тумани марказидаги чинорларни кесиш ташаббускорлари айнан қайси амалдорлар? Мутасаддилар изоҳида сабаб ва омилларга кўпроқ урғу берилди, бироқ шахслар билан боғлиқ сўров очиқ қолди. Фақат бир жиҳат алоҳида қайд этилди: дарахтни кесишга маҳаллий ҳокимлик рухсатнома беради, бунда, албатта, экология мутасаддилари хулосасига таянилади.

Андижон туманининг Бўтақора қишлоғи адирликларидаги ғиштхоналар мавзуси анчадан буён баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келади. Қишлоқдан турли идораларга йўлланаётган мурожаатлар орасида, шубҳасиз, ғиштхоналарнинг маҳаллий аҳолига етказаётган зиён-заҳмати ҳақидаги эътирозлар ҳам талайгина. Бу масалада бошқарма нима дейди?

Айни масаладаги арзу шикоятлар сабаб ҳудуддаги 11 та ғишт заводи фаолияти бир неча бор ўрганилган. Ҳатто бир гал мурожаат ортидан чиндан-да тегишли меъёр ва таомилларга амал қилинмаганлиги сабаб учта заводни ёпиш зарур деган хулосага келинган. Демак, одамларнинг жиддий эътирозларида асос бор экан. Шунга қарамай, тадбиркорлар дарҳол фаолиятдаги камчиликларни тузатгани боис “Майли, ишни давом эттираверинглар!” дея “бағрикенглик” қилинган.

Яна тан олиб айтилдики, қишлоқ ён бағридаги мазкур ғиштхоналарнинг чанг-газ тозалаш ускуналари бирор-бир корхонада стандарт талаблари доирасида ишлаб чиқарилмаган, балки қўлбола усулда ясалган.

Бундан қандай хулоса келиб чиқади?

Бизнингча, айрим ҳолларда экологик муаммолар юзага келаётганини кўра-била туриб, кескин чора кўришга бошқарманинг қурби етмаётгандай. Баъзан эса ўзлари ҳам айни масалаларга бош қўшишга мажбурдай. Ҳар ҳолда, бошқарма раҳбари Музаффар Маматовнинг “Тадбиркор бирор бинони қуриб, бизнесига яхшигина пул сарфлаб қўйгандан сўнггина экологик хулоса сўраб келади. Ихтиёрий-мажбурий тарзда рухсат беришга тўғри келади”, дея ҳақиқатни рўйи рост айтганлиги ана шундай фикр юритишга ундайди. Анжумандаги гап-сўзлардан келиб чиқилса, табиий мувозанатни сақлаш учун соҳа мутасаддиларига янаям кенгроқ ваколатлар бериш, шунинг баробарида каттароқ масъулият юклаш юзасидан қонунчиликка жиддий таклифлар ҳам киритиш зарурга ўхшайди.

Нурилло НЎЪМОНОВ.