ЖАМИЯТ

«ДРОН»ЛАРДАН РУХСАТНОМАСИЗ ФОЙДАЛАНИШ ҚОНУНГА ХИЛОФ


10.12.2020   859

2019 йил 2 май куни Ўзбекистон Республикасининг жиноят, жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Қонун имзоланган бўлиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси жиноят кодекси 244-4-модда яъни “Учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш” ва 248-1-модда яъни “Учувчисиз учадиган аппаратларни сақлаш ва улардан фойдаланиш тартибини бузиш” каби моддалар билан тўлдирилган.

Мазкур қонун эълон қилингандан сўнг ҳам фуқаролар томонидан учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш билан боғлиқ жиноятларни содир этиш кузатилган.

Фуқаро Боходир В. ҳеч қаерда ишламасдан, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланмасдан, фуқаро Улугбек М. билан олдиндан жиноий тил бириктириб, учувчисиз учадиган аппаратни, унинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини сотиш йўли билан моддий даромад олишни режалаштиришган. Шундан сўнг Боходир В. ушбу жиноий режани амалга ошириш мақсадида, 2017 йилнинг март ойида БАА давлатига бориб, у ердан олиб келиб, қонунга хилоф равишда уйида сақлаб келаётган “РHANTOM 4 PRO” русумли учувчисиз учиш аппаратини сотиш учун хиридор қидира бошлаган. Шундан сўнг Боходир В. ушбу учувчисиз учиш аппаратини сотиш учун “Умар” исмли шахсни топиб, унга аппаратни 1 900 (бир минг тўққиз юз) АҚШ долларига сотишни маълум қилган. Шундан сўнг Боходир В. Улугбек М.ни чақириб унга “РHANTOM 4 PRO” русумли учувчисиз учиш аппаратини бериб, уни “Абдумалик” исмли шахсга олиб бориб кўрсатишини, маълум масофада туриб, у мазкур учувчисиз учадиган аппарат учун пулларни олганидан сўнг унга хабар беришини, хамда у учувчисиз учадиган аппаратни “Абдумалик” исмли шахсга бериб юборишини маълум қилиб, агарда бирор шубхали ҳолатни сезган тақдирда унга қўнғироқ қилиб маълум қилишини такидлаган.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси ИИВ Траспортда ЖХТББ ходимлари томонидан тезкор вакиллардан бир “Умар” шартли номи остида, яна бир тезкор вакил эса “Абдумалик” шартли номи остида тезкор тадбирга жалб қилиниб ўтказилган тадбир давомида, 2020 йилнинг 21 январь куни соат 17:30ларда Боходир В. Тошкент шаҳар Миробод тумани Сарикул кўчасида тадбир иштирокчиси “Умар” билан учрашиб ундан учувчисиз учиш аппаратини пулларини олмоқчи бўлган вақтда холислар иштирокида аниқланиб ушланади. Бу вақтда Боходир В.нинг жиноий шериги Улугбек М. тадбир иштирокчиси “Абдумалик” билан учрашиб, унга “РHANTOM 4 PRO” русумли учувчисиз учиш аппаратини кўрсатиб, у “Абдумалик”ни ИИБ ходими эканлиги тўғрисида шубхага бориб, воқеа жойидан “РHANTOM 4 PRO” русумли учувчисиз учиш аппаратини олиб кетиб қолиб, яширинишга ҳаракат қилган. Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб Боходир В. ўзининг жиноий шериги Улугбек М.га қўнғироқ қилиб барчаси жойида эканлигини, аппаратни унга Перфектум уяли алоқа компанияси олдига олиб келиб беришини, уни ўзи харидоргарга аппаратни бериб юборишини маълум қилиб, уни Перфектум уяли алоқа компанияси олдига чақирган. Улугбек М. ўзининг жиноий шериги Боходир В.га бир дона “РHANTOM 4 PRO” русумли учувчисиз учиш аппаратини Перфектум уяли алоқа компанияси олдига олиб келиб берган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан холислар иштирокида аниқланиб ушланган. Ҳолат юзасидан тегишли хужжатларни расмийлаштириш жараёнида, Боходир В. бундан ташқари ўзининг яшаш уйида яна бир дона ишлатилган “РHANTOM” русумли учувчисиз учиш аппарати борлигини маълум қилиб ушбу “РHANTOM” русумли аппаратни ўз ихтиёри билан Транспортда ХТББ ходимларига топширган.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги фуқаро авиацияси агентлиги “Ўзавиация” агентлигининг 2020 йил 30 январь кунидаги №01-39/20-123-сонли хатига асосан, фуқаро Боходир В. ва Улугбек М.дан олинган “РHANTOM 4 PRO” бир дона ва “РHANTOM” бир дона квадрокоптерлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2016 йил 31 августдаги 287-сонли “Ўзбекистон Республикасининг фуқаро ва давлат авиациясида учувчисиз учадиган қурилмаларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги” қарорининг талабларидан келиб чиқиб, учувчисиз учадиган аппаратлар турига кириши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудида учувчисиз учадиган қурилмаларидан санкциясиз фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 26 ноябрдаги 322-сонли қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига 2015 йил 1 январдан бошлаб ушбу турдаги учувчисиз учадиган аппаратларни олиб кириш, сотиш ва улардан фойдаланиш таъқиқланганлиги, шунингдек фуқаро Боходир В.га Вазирлар Махкамасининг 2014 йил
26 ноябрдаги 322-сонли қарорига биноан учувчисиз учиш аппаратларини олиб кириш, сотиш ва улардан фойдаланиш учун рухсатнома берилмаганлиги аниқланган.

Юқоридаги холат юзасидан Тошкент шахри аэропортларида хавфсизликни таъминлаш бошқармаси Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 2444-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган, фуқаролар Боходир В. ва Улугбек М.ларга шу моддалар билан айб эълон қилиниб, суд томонидан уларга нисбатан тегишли жазо қўлланилган.

Фуқароларимизга юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб учувчисиз учадиган аппаратларни, яъни омма тили билан айтганда “дрон”ларни, хатто уларнинг бутловчи ва эхтиёт қисмларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш жиноят эканлигини, мазкур жиноят учун эса жазо белгиланганлигини эслатиб ўтмоқчимиз.

Отабек МАШРАПОВ

Тошкент шаҳри аэропортларида

ХТБ Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант.