Андижон 24

ДОН – ОЛИЙ НЕЪМАТ


13.12.2018   1260

унинг меҳнати нечоғли машаққатли эканини унутмайлик

Асака тумани Бобур массивидаги "Одинахон ёғдуси" фермер хўжалигида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияситуман бўлими томонидан 2019 йил ғалла ҳосили самарадорлиги учун фермер хўжаликлари ва тумандаги мутасадди ташкилот вакиллари ўртасида тарғибот тадбири ўтказилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги "Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ги қароринингмазмун-моҳиятини атрофлича тушунтириш, унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда фермерларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадидаташкил этилган тадбир давомида тармоқдаги реал ҳолат таҳлили, яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани танқидий таҳлил қилинди.

Келгуси йил режадаги ҳосилдорликни таъминлашда ерларнинг сифатига эътибор қаратиш, агротехника қоидаларига риоя қилиш, моддий-техника ресурсларини ўз вақтида етказиш масалаларига алоҳида урғу берилди.

Жойларда масъуллар ва фермерлар томонидан контрактация шартномаси мажбуриятлари бажарилмаётгани, ҳосилдорликни ошириш ва қўшимча даромад олиш юзасидан етарлича чоралар кўрилмаётгани ҳам айни ҳақиқат. қарорда қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан суғориладиган майдонларнинг ҳар гектаридан 40 центнердан кам ҳосил олиш "ерга нисбатан хиёнат" деб баҳоланиб, ер ижара шартномаси бекор қилинишигача чоралар кўрилиши белгилаб қўйилган.

Юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликларини рағбатлантириш, ҳосилдорлик кўрсаткичи паст бўлган фермер хўжаликларига нисбатан кескин чоралар кўриш зарур. Соҳа равнақида тўғаноқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш ва уни сифат жиҳатидан янада ривожлантириш вақти келди.

2019 йилдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларига суғориладиган ерларда бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига ягона ер солиғини ҳисоблашда солиқ ставкаларига ҳосилдорликка қараб коэффициентлар қўллаш тартиби киритилади.

Шу ва шу каби ўзгариш ва янгиликлар йиғилганларга халқчил тилда тушунтирилди. Яна бир муҳим жиҳат, мазкур қарорда олдиндан билиш, оқилона чоралар билан олдини олиш мумкин бўлмаган фавқулодда хусусиятга эга ҳодисалар (қурғоқчилик, табиат ҳодисалари ва бошқа форс-мажор ҳолатлар) оқибатида бошоқли дон экинларидан кутилган ҳосил олинмаган тақдирда белгиланган тартибда ҳимояланади.

Ушбу қарорнинг изчил ижроси, шак-шубҳасиз, ғаллачиликда ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва юқори ҳосилдорликка эришиш, фермер хўжаликлари масъулиятини, уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш тизимини жорий қилиш имконини беради.

Абдукамол Обидов,

Инспекциянинг Асака тумани бўлими катта инспектори.