Андижон 24

Даврани кенгроқ олинг!


20.03.2018   1311

Сахий қуёш дарахт бўйи баробар кўтарилиб, тиккага келганида сайилнинг асосий қисми – байрам концерт дастури бошланди. Бобур ҳайкали атрофида бетакрор баҳорий гуллар билан безатилган тўртта саҳнада санъаткорлар чиқиши барчани ўзига қаратди. Биринчи саҳнада дилбар куй ва қўшиқлар, иккинчи саҳнада спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, учинчи саҳнада фольклор-этнографик жамоалар, тўртинчи саҳнада мумтоз куй ва рақслар намойиши кўзларни қамаштирди.

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бутун Андижон аҳлини Наврўзи олам билан муборакбод этди.

Қушларнинг чуғурлашлари, ирмоқларнинг чулдурашлари оҳангида ҳаёт мазмуни – сув зинопоялар узра оқиб туша бошлади. Бирин-кетин ранг-баранг гуллар ва ниҳоллар униб чиқиб, Кўклам манзараси жонланди. Гўё борлиқ уйғонди.

“Озод Ватан қўйнида биз шод болажонлармиз!” деб номланган саҳна кўринишини вилоятдаги санъат мактабларининг иқтидорли ўқувчилари ҳамда болалар боғчалари тарбияланувчилари бошлаб берди.

Шаҳар ва туманларнинг фолькор жамоалари, аскиячилар, турли миллат вакилларининг мусиқий чиқишлари янграганда байрам иштирокчилари рақсларга жўр бўлдилар.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Илҳомжон Жўраев, суюкли хонандамиз Санобар Раҳмонова ва Ихлос Жўраевлар ижросидаги “Ватан” қўшиғи андижонликларнинг мадҳияси бўлиб янгради. Хонандалар Дилфуза Раҳимова, Муродил Ҳакимов, Ғанишер Абдуллаев, Ғайрат Исақов, Шуҳрат Ҳакимов, Аброр Азизов, Бахринисо Ҳамрақулова ҳамда “Мерос”, “Тумор”, “Зарбулоқ” дасталарининг чиқишлари байрам қатнашчиларининг мириқиб ҳордиқ олишшларига ёрдам берди.