ЖАМИЯТ

Давлат ва жамоат арбоби МАШАРИФ ЮСУПОВ вафоти муносабати билан хамдардлик


05.07.2021   2146

Ўзбекистон Республикасининг давлат ва жамоат арбоби, бутун фаолиятини эл-юрт равнақига бағишлаган фидойи инсон МашарифЮсупов етмиш беш ёшида оғир хасталикдан сўнг оламдан ўтди.

М. Юсупов 1946 йилда Олтинкўл туманида таваллуд топган. У ўрта мактабни тамомлагач, 1963-1968 йилларда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида таҳсил олди. Меҳнат фаолиятини эса Андижон механика заводида муҳандис-технолог вазифасида бошлади, турли масъул вазифаларда ишлаб, меҳнатсеварлиги, ташаббускор ва фаоллиги, кенг жамоатчилик билан ишлашдаги ташкилотчилигини кўрсатди, ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён этди.

М. Юсупов 1971-1975 йилларда Ўзбекистон Ёшлар ташкилотида турли лавозимларда самарали меҳнат қилди. Айниқса, ёшлар етакчиси сифатида Марказий Фарғона чўлларини ўзлаштириш жараёнлари, бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этди.

1975-1985 йиллар М.Юсуповнинг сиёсий фаолиятидаги чинакам юксалиш даври бўлди. У Андижон шаҳар партия қўмитасида йўриқчи, партиявий-ташкилий ишлар бўлими мудири ўринбосари, Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси инспектори лавозимида ишлади. Ана шу даврдаги фаолиятида ёш кадрларни танлаш, тарбиялаш ишларининг жонкуяри сифатида танилди.

Андижон туманини биринчи раҳбари, вилоят хокимининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси вазифаларида самарали фаолият кўрсатиб, мамлакат тақдирига даҳлдор кўпдан кўп ишларга бош-қош бўлди, эл-юрт, кенг жамоатчилик орасида катта ҳурмат-эътибор топди.

Машариф Юсуповнинг давлатимиз, халқимиз олдидаги хизматлари муносиб тақдирланди. У Президентимиз фармони билан “Дўстлик”, “Меҳнат шуҳрати”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан мукофотланди.

Камтарлик, меҳнатсеварлик, ҳар бир ишга масъулият билан ёндошиш, ҳар қандай масала юзасидан тўғри ва адолатли қарор чиқариш каби юксак инсоний фазилатлар устоз ҳаёти ва фаолиятининг мазмунига айланган эди.

Вилоят хокимлиги, фаоллари, Нуронийлар кенгаши намунали ҳаёти ва фаолияти билан барчамизга ибрат бўлган, юрт равнақи, Ватан тараққиёти йўлида сидқидилдан меҳнат қилган фидойи инсон Машариф Юсуповнинг вафоти муноосабати билан унинг оила аъзолари, яқинларига чуқур таъзия билдиради.

Устоз, Машариф Юсуповнинг порлоқ хотираси қалбимиздан асло ўчмайди.

АНДИЖОН ВИЛОЯТИ ҲОКИМЛИГИ.