ҲУҚУҚ

CОЛИҚ ОРГАНЛАРИ ТОМОНИДАН ТАДБИРКОРГА ҚЎЛЛАНИЛГАН ЖАРИМА ҚЎЛЛАШ ТЎҒРИСИДАГИ 4 ТА ҚАРОР СУД ТАРТИБИДА ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИЛДИ


29.03.2024   2417

Солиқ органлари томонидан Тадбиркорга нисбатан жами 40 000 000 сўм миқдорида жарима (молиявий санкция) қўллаш тўғрисидаги 4 та қарори Солиқ кодексига зид равишда қабул қилинганлиги сабабли суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилди.

Андижон вилоят адлия бошқармаси томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ қатор ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, Андижон вилоят адлия бошқармаси томонидан Андижон шаҳрида жойлашган «САФО МАРВА УМИДИ» МЧЖ раҳбари Н.Мамадалиевнинг Андижон вилояти Давлат солиқ бошқармаси ҳамда Андижон шаҳар Давлат солиқ инспекцияси хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб йўллаган мурожаатлари ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш давомида, тадбиркорга нисбатан ўтказилган сайёр солиқ текширувларининг якуни бўйича Андижон шаҳар Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари томонидан 2023 йил 13 февралда 20/5-02940-сон, 2023 йил 7 мартда 20/5-04479-сон ва 2023 йил 14 -сентябрда 20/5-15159-сон қарори ҳамда Андижон вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари томонидан 2023 йил 2 июнда 20/5-46526-сон қарори қабул қилинганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, ушбу қарорлар ва қарор ости ҳужжатлари ўрганиб чиқилганда Солиқ органи текширув материаллари кўриб чиқиладиган сана, вақт ва жой тўғрисида солиқ тўловчини кўриб чиқиш бошлангунига қадар камида икки иш куни олдин хабардор қилмаганлиги ва сайёр солиқ текшируви ўтказишининг бошқа тартиб қоидаларига риоя этилмаганлиги аниқланди.

Солиқ кодексининг 158-моддасида солиқ аудити ва сайёр солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра солиқ органи текширув материаллари кўриб чиқиладиган сана, вақт ва жой тўғрисида солиқ тўловчини кўриб чиқиш бошлангунига қадар камида икки иш куни олдин хабардор қилади деб кўрсатилган.

Шунингдек, ушбу кодекснинг 157-моддасига кўра солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш тартиб-таомилининг муҳим шартларини бузиш юқори турувчи солиқ органи ёки суд томонидан солиқ органининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортиш ва (ёки) солиқ суммаларини қўшиб ҳисоблаш тўғрисидаги қарорини бекор қилиш учун асос бўлади. Бундай муҳим шартлар жумласига ўзига нисбатан солиқ текшируви ўтказилган шахснинг солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш жараёнида шахсан ва (ёки) ўз вакили орқали иштирок этиш имкониятини таъминлаш ҳамда солиқ тўловчининг тушунтиришлар бериш имконини таъминлаш киради.

Шунга кўра, ушбу қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан тегишли тартибда Андижон туманлараро маъмурий судига даъво ариза киритилди. Шундан битта қарорни ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан апеллация инстанциясида ҳам иш кўрилди.

Мазкур судларнинг қарори билан Тадбиркорга нисбатан жами 40 000 000 сўм миқдорида жарима (молиявий санкция) қўллаш тўғрисидаги 4 та қарори ҳақиқий эмас деб топилди.

Аббосжон Рахмонов,

Андижон вилоайти адлия бошқармаси

Ҳуқуқни қўллаш амалиётини

ўрганиш ва методик таъминлаш

шўбаси катта маслаҳатчиси