Андижон 24

«ЧЎЛНИ ОБОД ҚИЛГАНЛАР» ЭНДИ ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИДАН ЗАМОНАВИЙ БИНОДА ФОЙДАЛАНИШАДИ


17.10.2020   1724

Улуғнорликлар ҳақида гап кетганда бежизга “чўлни обод қилганлар” дея таъриф беришмайди. Уларни меҳнаткаш ва чин кўнгилли эканликлари нафақат андижонликлар, балки бутун водий аҳлига ҳам маълум.

Бундан ярим аср аввал фақат қумликлардан иборат бўлган майдонлар ўрнида замонавий барча қулайликларга эга биноларнинг қурилиб фойдаланишга топширилаётгани шу ерлик аҳолининг кўзини қувонтирмоқда, яшашга бўлган иштиёқини ортишига сабаб бўлмоқда.

Ростини айтиш керак, авваллари улуғнорликлар яратилган шароитларнинг ноқулайлиги сабаб давлат хизматларига бўлган эҳтиёжларини қондиришда қийинчиликларга учраётганди. Айниқса, махсус қурилмаган бинода замон талаблари ҳамда одамларни рози қилиш даражасида хизмат кўрсатишнинг ўзи мўжиза эди.

Энди эса бир неча йиллардан буён фойдаланилмай, бўш ва нураб ётган бино ўрнида анъанавий архитектура ва ҳалқаро меъморий дизайн билан уйғунлашган Улуғнор туман давлат хизматлари марказининг янги биноси қад ростлади.

17 октябрь куни туман фаоллари, кекса нуронийлар иштирокида Марказнинг янги биносини фойдаланишга топшириш маросими ўтказилди.

Тадбирда сўзга чиққан Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Маҳмуджон Абдижалиев ҳамда туман ҳокими Дониёрбек Мақсудовлар юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон манфаатлари учун хизмат қилаётганлигини таъкидлаб, "Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойилининг моҳиятига урғу бердилар ва бу борадаги ишларни эътироф этишди.

Ўзига хос, замонавий кўринишга, барча шароитларга эга Марказ зарур техник жиҳоз ва воситалар билан таъминланган бўлиб, бу ерда жисмоний ва юридик шахсларга 140 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилади.

Марказда бир вақтнинг ўзида 15 нафар, бир кунда 300 нафар фуқарога хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Замонавий тарздажихозланганкенг ва ёруғ хоналар, электрон навбат, ҳордиқ чиқариш учун қулай ва юмшоқ ўриндиқлар, болалар майдончаси, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун алоҳида хоналарнинг мавжудлиги мижозларнинг хизматлар билан боғлиқ ҳар қандай оғирини енгил қилади. Мавжуд мониторлар орқали эса давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги янгиликлар, давлат хизматлари олиш тартиблари тўғрисидаги роликлар мунтазам намойиш этиб борилади.

Бинода давлат хизматлари марказидан ташқари, туман Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлими ҳамда Бош вазир қабулхонаси жойлашди.

Давлат хизматлари агентлиги Андижон

вилояти бошқармаси матбуот хизмати.