ЖАМИЯТ

БЮДЖЕТ МАБЛАҒЛАРИНИ ИШЛАТИШ БЎЙИЧА ТАКЛИФ БЕРИШ МУМКИН


29.04.2019   1380

Избоскан туманининг ўтган йил учун белгиланган маҳаллий бюджет даромадлар режаси 21 миллиард 334 миллион сўмни ташкил қилган ҳолда, 2 миллиард 246 миллион сўм ортиғи билан ижро қилинди. Маҳаллий бюджет даромадлар базасини кенгайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан 267 та ҳужжатсиз тадбиркорлар аниқланиб, 534 миллион сўм қўшимча даромадлар туширишга эришилди.

Аниқланган харажатлар режаси 129 миллиард 500 миллион сўмни ташкил қилиб, таълим муассасаларига 81, соғлиқни сақлаш соҳасига 30, бошқа тармоқларга 18 миллиард сўмдан ортиқ миқдорда маблағ ажратилди.

Амалдаги йил бошида тасдиқланган бюджет режасига асосан халқ таълими тизимига қарашли бир қатор умумий ўрта таълим мактаб ҳамда мактабгача таълим муассасасларининг том қисми, иситиш тизими, биноларда таъмирлаш, қурилиш ишлари олиб борилиб, 2 миллиард 706 миллион сўм, соғлиқни сақлаш тизимига қарашли муассасаларга 275.5 миллион сўм маблағлар йўналтирилди.

Шунингдек, 10 та бюджет муассасаларини жорий таъмирлаш ҳамда 5 та муассасаларни қўрғон девор билан ўраш харажатларига махаллий бюджет маблағлари хисобидан 1 миллиард 458 миллион сўм ажратилди. Ижтимоий соҳа муассасаларига 2018 йил давомида 717.1 миллион сўмлик мебель ва офис жиҳозлар, 131.5 миллион сўмлик компьютер оргтехникаси, 1 миллиард 75.7 миллион сўмлик бошқа жиҳозлар олиб келинди.

Маҳаллий ҳокимликларнинг балансида бўлган 8 та кўчаларда 8.144 км. масофадаги ички йўллар тўла (шағаллаш) таъмирдан чиқарилди. “Обод қишлоқ дастури”га асосан Қораёнтоқ, Юқори Чувама, Тараққиёт, Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғинларини ободонлаштириш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, ички йўллар ва ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш харажатларига республика, вилоят ва маҳаллий бюджетдан 25 миллиард 388 миллион сўм миқдорида маблағлар ажратилди.

Соғлиқни сақлаш бирламчи тизими ва стационар муассасаларда беморларни дори-дармон воситалари билан таъминлаш ҳолатини яхшилаш ишларига ойида 642 миллион сўм ажратилди. Туман тиббиёт бирлашмаси тизими муассасаларида 637.8 миллион сўмдан зиёд ижтимоий аҳамиятга эга бўлган 98 турдаги маҳаллий ва 201 турдаги импорт дори-дармон воситаларига маблағ йўналтирилди.

2019 йил маҳаллий бюджетдан маблағ олувчи муассасаларининг иш хақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ўз вақтида таъминлаш мақсадида солиқ тушумлари бўйича даромадлар режаси 35 миллиард 168 миллион сўм, маҳаллий бюджет харажатлари 170 миллиард 290 миллион сўм, айланма касса маблағлари меъёри 1 миллиард 289 миллион сўм миқдорида белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
22 августдаги ПҚ-3917-сон “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 6-бандида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига туман (шаҳар)лар маҳаллий бюджетлари қўшимча манбаларидан камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида белгиланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилишини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Эндиликда фуқаролар 2019 йил 1 апрель ҳолатига Избоскан туман маҳаллий бюджети қўшимча манбааларининг (309,0 миллион сўм) камида 10 фоизи (30 миллион сўм)ни нимага ишлатилиши тўғрисида таклиф бериши ёки таклиф берган бошқа фуқароларнинг таклифларидан бирига овоз беришлари мумкин.Таклиф бериш ёки уларни овозга қўйиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг “Очиқ бюджет” (Openbudget.uz) ахборот портали орқали онлайн тарзда автоматик равишда қабул қилинади.

Улуғбек Тўрақулов,

Избоскан туман молия бўлими бошлиғи.